Get Mystery Box with random crypto!

Энди “ичганлик” ички ишлар бўлимларининг навбатчилик қисмларид | YURISTKADR

Энди “ичганлик” ички ишлар бўлимларининг навбатчилик қисмларидаги махсус алкотестерлар орқали аниқланади.

Бундан буёғига ички ишлар органлар ходимлари ва Миллий гвардия ходимлари томонидан ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларнинг алкоголли ичимлик истеъмол қилганлиги ички ишлар органларининг навбатчилик қисмларидаги алкотестерлар ёрдамида аниқланади.

Бу бўйича Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 5 апрелдаги 190-сонли қарори қабул қилинди ва бу қарор билан навбатчилик қисмларида алкотестерлар ёрдамида “ичганлик”ни аниқлаш бўйича алоҳида низом ҳам тасдиқланди.

Мазкур қарорга асосан 2024-2025 йиллар давомида ички ишлар органлари тасарруфидаги навтабчилик қисмлари босқичма-босқич жами 208 та алкотестерлар билан таъминланадиган бўляпти.

Юқоридаги 190-сонли қарорга асосан, алкотестер текшируви камида 2 нафар холис иштирокида, зарур ҳолларда эса шифокор ёки бошқа мутахассис иштирокида ўтказилади.

Ундан олдин масъул ходимлар шахсни ва холисларни алкотестернинг ишлаш тартиби билан таништиради ва уларнинг талабига асосан қиёслаш сертификатини кўрсатади.

Текширилувчи шахс юқоридаги маълумотлар ва ҳужжатлар кўрсатилмаганда ёки мосламанинг носозлигига шубҳа уйғонганда ёки алкотестер ўтказиш жараёнида санитария-гигиена қоидалари бузилганда, алкотестер текширувидан бош тортиши мумкин.

Текширилувчи шахснинг оғиз бўшлиғидан чиқарилган ҳаводаги этанол буғлар концентрацияси кўрсаткичи 0,135 миллиграмм ва ундан юқори чиқса, масъул ходимлар бу шахсга нисбатан алкоголли ичимликлар истеъмол қилганлиги юзасидан холислар иштирокида баённома расмийлаштиради. Шу билан “ичганлик” факти тасдиқланган бўлади.

Агар шахс алкотестер ёрдамида текширувдан ўтишдан бош тортса ёки унда техник воситалар орқали ўтказилган алкотестер текширувига эътироз бўлса, масъул ходимлар ушбу шахсни тиббий текширувдан ўтказиш учун тумандаги даволаш-профилактика муассасасига олиб боради. Факт ўша ерда аниқланади.

Ҳалиги шахс туман даволаш-профилактика муассасасида ҳам тиббий текширувдан ўтишдан бош тортса, унга нисбатан қонуний жавобгарлик чоралари кўрилади.

Агар шахс алкоголли ичимликлар таъсиридан маст ҳолатда бўлиб, мустақил ҳаракатланиш қобилиятини йўқотган ёки қаердалигини аниқ англаб етмайдиган ҳолатда бўлса, масъул ходимлар бу шахсни Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 ноябрдаги 644-сонли қарорига мувофиқ тиббий ёрдам кўрсатиш пунктларига олиб боради.

@yuristkadr