Get Mystery Box with random crypto!

МК 161-моддаси иккинчи қисми 4-банди билан ишдан бўшатилган хо | YURISTKADR

МК 161-моддаси иккинчи қисми 4-банди билан ишдан бўшатилган ходимни ишга тиклашга оид муҳим масала.

Меҳнат мажбуриятларини мунтазам равишда бузилиши сабабли меҳнат шартномасини бекор қилинган ходимни ишга тиклашда жуда қизиқ бир жиҳат бор.

Биласиз, меҳнат мажбуриятларини мунтазам равишда бузилиши деганда, биз ходим интизомий, моддий ёки бошқа таъсир чораларига тортилган вақтдан бошлаб 1 йил ичида яна интизомга хилоф ҳаракат қилган вазиятни тушунамиз. Бундай ҳолатларда ходим иш берувчи ташаббуси билан, интизомий жазо тариқасида МК 161-моддаси иккинчи қисми 4-банди билан ишдан бўшатилиши мумкин.

Бундай суд жараёнида агар ходимга қўлланилган олдинги интизомий жазо чорасини қўллаш ҳақидаги буйруқ (ёки буйруқлар) ноқонуний бўлиб чиқдими, демак, кейинги ишдан бўшатиш буйруғи ҳам ўз-ўзидан ғайриқонуний ҳисобланади. Чунки, бунда меҳнат мажбуриятини мунтазам равишда бузиш факти йўққа чиқадида.

Гап шундаки, айрим судьялар аввалги (1 йил ичидаги) интизомий жазо буйруғи бўйича низолашилмаган бўлса, ёки ходимнинг ишга тиклашга оид даъво аризасида аввалги интизомий жазо буйруғи юзасидан алоҳида талаб (ғайриқонуний деб топиш ва бекор қилиш юзасидан) кўрсатилмаган бўлса, суд бу буйруқларга баҳо бермаслиги керак деб ўйлайди (бундай фикрлар албатта, иш берувчилар манфаатига мос келади). Лекин бу мутлақо хато тушунча.

Олий суд Пленумининг 2023 йил 20 ноябрдаги “Судлар томонидан меҳнат шартномасини бекор қилишни тартибга солувчи қонунчиликни қўллаш амалиёти тўғрисида”ги 26-сонли қарорининг 35-банди тўртинчи қисмига кўра:

Суд МК 161-моддаси иккинчи қисмининг 4-бандига асосан меҳнат шартномасини бекор қилиниши қонунийлиги масаласини муҳокама қилишда фақат интизомий жазо чорасини қўллашнинг белгиланган муддатлари ва тартибига амал қилинганини аниқлаш билан чегараланиб қолмасдан, балки аввал меҳнат интизомини бузганлиги учун интизомий жазо чораларини қўллашда ҳам белгиланган муддат ва тартибларга риоя қилинган-қилинмагани, ходимнинг моддий жавобгарликка тортилиши ёки унга нисбатан бошқа таъсир чоралари қўлланиши асосли бўлган-бўлмаганини ҳам текшириб чиқиши керак.

Яъни, судлар меҳнат мажбуриятларини мунтазам равишда бузганлиги сабабли ходимни ишдан бўшатиш ҳақидаги буйруқ билан бир вақтда мунтазамийлик фактига асос бўлган аввалги интизомий жазо буйруқларининг ҳам тўғри-нотўғрилигини текширишга ва уларга ҳам баҳо бериб кетишга мажбур. Гарчи ходимнинг даъво аризасида у буйруқлар бўйича алоҳида талаб кўрсатилмаган бўлсада.

Ва бунда оҳирги ишдан бўшатиш буйруғида ҳеч қандай камчилик бўлмасада, аксинча, олдинги интизомий жазо буйруғида ноқонунийлик аниқландими, демак ходим ишга тикланади.

Чунки, олдинги интизомий жазо йўққа чиққанидан кейин, ишдан бўшатишга асос бўлган меҳнат мажбуриятларини мунтазам равишда бузиш деган факт ҳам нолга тенг бўлиб қолади.


@yuristkadr