Get Mystery Box with random crypto!

#obunachi_fikri Адлия бўлимларини эҳтимолий тугатилиши ҳақида | YURISTKADR

#obunachi_fikri

Адлия бўлимларини эҳтимолий тугатилиши ҳақида.

Ассалому алайкум Саидали ака ишлар билан чарчаманг асло. Каналдаги берилаётган ҳуқуқий муаммолар, уларга берилаётган асосли жавобларни анчадан бери кузатиб, ўзим ҳам юрист сифатида билмаганларимни ўрганиб, амалиётда фойдаланиб келмоқдаман. Айниқса кейинги постларингиздаги адлия органи ва унинг таркибидаги бўлимларнинг қисқартиришга тушганлиги аксарият билимли, ўз ишини виждонан, сидқидилдан бажариб келаётган адлия бўлимлари ходимларининг тақдирига, қолаверса иш берувчи ташкилоларда меҳнат қонунчилига, шунингдек Президент, Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинаётган қонун, фармон, қарорларнинг ижросини амалда бажарилишини назорат қилиш соҳаси анча оқсоқланишига олиб келади деб ўйлайман.

Тўғри, адвокатлик фаолияти ҳам кўпчилик юристлар учун қулай касб, бироқ туманларда ҳамма ҳам бу соҳани танламаслиги мумкин. Мен иш фаолиятимда шахсан ўзим гувоҳи бўлганманки, давлат муассасаси иқтисодчилари ва хисобчилари шу муассаса нинг юридиу хизмат ходимининг қонунчиликка риоя қилиниши ҳолатлари бўйича жиддий келишмовчиликлар вужудга келиб, юридик хизмат штат бирлигини ўз билганларича қисқартиришга киритишга уринганликлари, бу билан Ўз Р Президентининг 19.01.2017 йилдаги 2733-сон қарорининг 2-банди талабларига зид харакатни амалга оширмоқчи бўлгандилар. Адлия бўлими томонидан тегишли тушунтиришлар  олиб борилиб бу масала хал қилинди.

Бу биргина мисол, бу каби ҳолатлар кўпчиликда учраганлиги аниқ. Бу билан мен бировни қораламоқчи эмасман, аксинча юридик хизмат наинки ҳар бир ташкилотда, хусусий секторда ҳам жуда муҳим ва керакли соҳага айланиб улгурди. Юридик хизматлари маркази ўзларига билдирилган ишончни оқлади, бироқ ҳали уларга бириктирилган идора ва ташкилотларга фақат шартнома ва буйруқларга ҳуқуқий хулоса бериш билан чекланилмоқда, ваҳоланки идора ва ташкилотларга Президент, Вазирлар маҳкамаси томонидан берилаётган топшириқ, вазифаларнинг амалда ижроси ҳаққоний бажарилганли юзасидан ўрганишлар, мониторинглар ўтказилиши бюджет ташкилотлари раҳбарияти томонидан улар қўл остида ишловчи барча ходимларнинг меҳнат қонунчилигида бузилган ва бузилаётган хуқуқларини тиклашда муҳим ҳисса қўшиб келмоқда.

Шунингдек, юридик сохада ҳам бошқа соҳалардаги каби иш ҳажми кўп. Олдинги даврга қараганда муҳтарам Президентимиз томонидан юридик соҳага берилаётган эътибори туфайли идора ва ташкилотларда қонунчиликка риоя қилиниши ҳолатлари анча изга тушди, ҳамда юридик хизмат ходими ўз ишини амалда бажариб бошлади. Илгари айрим ташкилотларнинг юристи фақат шартнома ва буйруқларга юридик хулоса бериш билан шуғулланиб келган, яъни профессионал ёндашув бўлмаган. Очиғини айтишим керак қонунларга риоя қилинишини талаб қилганлиги сабабли юрист ташкилот раҳбариятига деярли ёқмаган. Шу сабабли менинг фикрим юристларни қисқартирмасдан аксинча штатларни кўпайтириш жуда муҳим деб хисоблайман.

Бу эса нафақат ишчи ходимларда, балки кўпчилик фуқароларда ҳуқуқий муаммолар пайдо бўлмаслигига, бўлган тақдирда ҳам одилона қилиниши, муҳтарам Президентимизнинг барчани рози бўлиши йўлидаги мақсадлари амалга ошишида ўта муҳим роли ўйнайди.

Адлия бўлимларини қисқартириш, фақат молиявий чиқимни камайтириш мақсади кўзланган, хуқуқни қўллаш амалиётига ҳамда қонунларнинг сифатли ишлаш тизимига умуман эътибор берилмасдан, қайсидир молиячининг ягона фикри орқали кўр кўрона амалга оширилмоқда.

P/S: Мурожаатда жуда тўғри масалалар кўтарилган. Ҳозирги вақтда адлия бўлимлари фаолиятини тугатиш неча йиллар давомида орзу қилиб эришилган натижани бир пул қилишдек гап бўлади. Умид қиламизки, Адлия вазирлиги раҳбарияти ҳам айнан шу позицияда ва бу позицияни қўлдан бой бериб қўймайди. Штатларни қисқартириш масаласи ҳали таклиф, зарарли таклифларга қарши туриш учун эса вақт ҳам, имкон ҳам бор ҳали. Бу борада катталаримиз қатъиятларини ишга солишса ҳисоб.

@yuristkadr