Get Mystery Box with random crypto!

Ижтимоий тармоқлардаги муҳокамалар судлар фаолиятига босимми? | YURISTKADR

Ижтимоий тармоқлардаги муҳокамалар судлар фаолиятига босимми?

Бугунги Сенат йиғилишида Самарқанд вилояти студиясидан қатнашган сенатор опамиз Гавҳар Зоировна Олий суд раиси ўринбосари Шуҳрат Полвоновга қизиқ савол билан юзланди: -менинг саволим шундайки, мана шу ижтимоий тармоқда берилаётган материалларни судьялар ҳам кузатиб бориши табиий. Ижтимоий тармоқда бериб борилаётган материалларнинг судьяларнинг келгусидаги қарорларини чиқаришига салбий таъсири сезиляптми?

Яъни, сенатор опа ижтимоий тармоқлардаги ҳар хил фикрлар судьяларнинг фаолиятига салбий таъсир ўтказяптими деган савол бермоқчи бўлди. Олий суд раиси ўринбосари Шуҳрат ака Полвонов “якунига етмаган суд жараёнлари бўйича муҳокамаларни, албатта, судга ижтимоий босим сифатида баҳолаш мумкин бўлади, чунки судда барибир иккита томон бўлади” деган фикр билан жавоб қайтарди.

Савол йўлловчи ва жавоб берувчига ҳурматимни сақлаган ҳолда, бу масала юзасидан айрим фикрларни билдирмоқчиман.

Биринчидан, бугунги кундаги халқ вакилларимизнинг позицияси фақат бир томонламага ўхшайди, улар масаланинг фақат салбий томонини кўришадигандек туюлаверади менга. Ахир, бу масалада ҳам калтакнинг икки томони борку. Масалан, ижтимоий тармоқдаги муҳокамаларнинг суд фаолиятига ижобий таъсири ҳақида савол берилмаслиги қизиқ.

Иккинчидан, Шуҳрат аканинг “якунига етмаган суд жараёнлари бўйича муҳокамалар судга ижтимоий босим” деган фикрлари ҳам ҳуқуқий жиҳатдан тўлиқ асосланмаган. Негаки, бу вазиятда ижтимоий тармоқдаги платформани иккига ажратиш керак: биринчиси, ОАВ ҳисобланган платформалар, иккинчиси, ОАВ ҳисобланмаган платформалар. Қонунчилик (ОАВ тўғрисидаги қонун)да, шу билан бирга Олий суд Пленумининг 2020 йил 21 февралдаги 04-сонли қарори (5-банди)да оммавий ахборот воситалари муайян иш юзасидан суд муҳокамаси натижаларини олдиндан башорат қилишга ёки судга бошқача тарзда таъсир этишга (босим ўтказишга) ҳақли эмаслиги белгиланган. Яъни, масалага чуқурроқ қарасак, бу таъқиқ ОАВ сифатида рўйҳатдан ўтмаган ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларига тегишли эмас.

Учинчидан, ўзим ҳам адвокатликдан ташқари ижтимоий тармоқда фаолман, кузатувчиларим суд мавзуларида танқидий чиқишлар қилишимдан яхши хабардор. Муайян суд ишларида судьяларнинг очиқдан-ойдин ноқонуний бўлган ҳаракатларига гувоҳ бўлиб турсакда, суд жараёни тугагунича тишимизни тишимизга қўйишга ҳаракат қиламиз. Фикрларимизни ва танқидларимизни суд иши тугалланганидан кейингина ижтимоий тармоққа қўйяпмиз. Албатта, қонунчилик ҳужжатлари билан тўлиқ асослантирган ҳолда, суд томони асосли раддия беролмаслигига ишонч ҳосил қилганимиздан кейингина. Яъни, нафақат етти, балки етмиш ўлчаб бер кесишга ҳаракат қиламиз, бу масалада. Касб этикамизга тўлиқ риоя қилган ҳолда. Асосли танқидлар судлар фаолиятига кўпроқ ижобий таъсир қилишини ҳар қандай фаросатли инсон жуда яхши тушунади, менимча. Лекин, суд тизими мутасаддилари якунига етмаган судлар у ёқда турсин, суддан кейинги асосли танқидларга ҳам бетоқат бўлиб қолган ҳозир. На совуғига, на иссиғига чидайди улар.

Шунинг учун сенаторларимиз мавзу судлар фаолиятига бориб тақалганда, кўзлари ва қулоқларини янада каттароқ очишса яхшироқ бўларди.

@yuristkadr