Get Mystery Box with random crypto!

Прокуратуранинг меҳнат соҳасини назорат қилишга оид асосий ҳуж | YURISTKADR

Прокуратуранинг меҳнат соҳасини назорат қилишга оид асосий ҳужжатлари ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 534-моддаси 2-қисмига кўра:

Ушбу Кодекснинг, шунингдек бошқа қонунларнинг аниқ ва бир хилда бажарилиши устидан назоратни прокуратура органлари ўз ваколатлари доирасида «Прокуратура тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ амалга оширади.

Демак, жойлардаги меҳнат соҳасидаги қонунларга риоя этилишини назорат қилиш прокуратура органларининг асосий назорат фаолиятларидан бири ҳисобланади.

Прокуратура назорати натижасида ташкилотнинг меҳнатга доир фаолиятида қонунбузарлик ҳолатлари аниқланса, прокуратура томонидан ҳуқуқий таъсир ҳамда оқибат туғдирувчи протест, қарор, тақдимнома, ариза, огоҳлантирув деб номланган ҳужжатлар қабул қилинади.

Хўш, бу ҳужжатларнинг бир-биридан қандай фарқи бор ва улар иш берувчилар ёки бошқа масъул органларга қандай мажбурият юклайди?

Бу саволга “Прокуратура тўғрисида”ги Қонуннинг 38, 39, 40, 41, 42-моддаларига таяниб жавоб беришга ҳаракат қиламиз.

1. Протест.
Қонунбузарлик аниқланган ва қонунга зид бўлган меҳнатга оид ҳужжатга нисбатан (ва бу ҳужжатдаги) қонунбузарликни бартараф этиш мақсадида қабул қилинади ва иш берувчига ёки унинг юқори органига киритилади. Иш берувчи ёки протестни қабул қилган мансабдор протестни у келиб тушган вақтдан бошлаб 10 кунлик муддатдан кечиктирмай кўриб чиқиши шарт.

2. Қарор.
Иш берувчи ёки бошқа масъул ходим томонидан содир этилган қонун бузилишининг хусусиятига қараб жиноят иши, маъмурий ёки интизомий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатиш мақсадида қабул қилинади. Интизомий ва маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ишни қўзғатиш ҳақидаги прокурорнинг қарори келиб тушган кундан бошлаб 15 кун ичида иш берувчи томонидан, маъмурий жавобгарлик иши бўйича эса ваколатли мансабдор шахс (давлат меҳнат инспектори) томонидан иш кўрилиши лозим.

3. Тақдимнома.
Меҳнат соҳасидаги қонун бузилиши, унинг келиб чиқиш сабаблари ва бунга имконият яратиб бераётган шарт-шароитларни бартараф этиш мақсадида қабул қилинади ҳамда иш берувчига ёки ваколатли юқори органга киритилади. Тақдимнома иш берувчи ёки ваколатли юқори орган томонидан дарҳол кўриб чиқилиши ва кўрилган чора-тадбирлар тўғрисида 1 ойлик муддат ичида тақдимнома киритган прокурорга ёзма равишда маълум қилиниши лозим.

4. Ариза.
Ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун судга ариза билан мурожаат қилиш учун расмийлаштирилади. Бунда фуқаролик судига ариза киритилганида давлат божи ундирилмайди. Иш берувчи тегишли тартибда даъвогар бўлган прокуратура ва унинг ҳимоясидаги ходимга нисбатан жавобгар сифатида судда иштирок этади.

5. Огоҳлантирув.
Ходимларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига, жамият ҳамда давлат манфаатларига зарар етказиши мумкин бўлган ғайриқонуний хатти-ҳаракатлар тайёрланаётганлиги хусусида ишончли маълумотлар мавжуд бўлганда ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш мақсадида мансабдор шахснинг қонуннинг бузилишига йўл қўймаслик ҳақида ёзма равишда огоҳлантириш ҳамда ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун жавобгарликни тушунтириш учун тузилади. Иш берувчи прокурор огоҳлантирувини ижро учун қабул қилади ва шу орқали ҳуқуқбузарлик ҳамда қонунбузарликнинг олдини олади.

@yuristkadr