Get Mystery Box with random crypto!

Бугун Бухоро шахрига соат 16.00 ларда етиб келдим ва келибоқ м | YURISTKADR

Бугун Бухоро шахрига соат 16.00 ларда етиб келдим ва келибоқ мехмонхонага шошилдим.

Сабаби, айни шу вақтда Қорақалпоғистонда фуқаролик ишлари бўйича Нукус туманлараро судида - судья М.Адиловада масофадан қатнашадиган судим бор эди (тинч жойда ноутбук орқали масофадан туриб суд ўтказиш имкони бор бугунги кунда).

Бу иш ҳам ҳар доимгидек, меҳнат низоси бўлиб, даъво ишдан бўшатилган ходим (ёш болали аёл)га қарийб 2 йил давомида меҳнат дафтарчаси бериш кечиктирилгани учун иш берувчидан ўртача иш ҳақи ундириш ҳақида эди. Бундан ташқари, даъво аризамизда иш берувчи зиммасига меҳнат дафтарчасидаги ишдан бўшатиш кунини амалда меҳнат дафтарчаси берилган кунга ўзгартириш мажбуриятини юклаш талаби ҳам бор эди.

Адлия вазирлигидан 402-сонли “Меҳнат дафтарчаларни юритиш тартиби тўғрисида”ги Йўриқноманинг 3.1-бандига кўра:

Иш берувчи айби билан меҳнат дафтарчасини бериш кечиктирилса, у ҳолда бутун кечиктирилган давр учун ходимга ўртача ойлик иш ҳақи тўланади (масалан: моддий жавобгар ходимни бириктирилган анжомларни вақтида топширмаганлиги учун баҳона қилиб меҳнат дафтарчасини бериш кечиктирилса).

Бундай ҳолда ишдан бўшаш куни, меҳнат дафтарчаси берилган кун ҳисобланади. Ишдан бўшаган кунининг янги санаси тўғрисида буйруқ берилиб, ходимнинг меҳнат дафтарчасига ёзиб қўйилади. Бўшаган куни тўғрисида илгари киритилган ёзув, ушбу Йўриқноманинг 2.8 бандида белгиланган тартибда бекор қилинади.

Суддаги даъво талабимизнинг асоси биринчи навбатда айнан мана шу қоидалар бўлди.

Бугунги суд охиргиси эди. Бу сафарги судда почта бўлимидан чақирилган гувоҳнинг кўрсатмаси бу иш натижаси учун ҳал қилувчи роль ўйнади.

Якунда судья М.Адилова ҳимоямдаги ходим фойдасига адолатли қарор чиқариб, унинг дуоларини қабул қилиб олди.

@yuristkadr