Get Mystery Box with random crypto!

Эндиликда мактаблардаги давомат қай тартибда юритилади? Маълу | Юрист Хизмати | Расмий канал

Эндиликда мактаблардаги давомат қай тартибда юритилади?

Маълумки, “Хавфсиз мактаб” консепсиясини кенг жорий этиш, “Оила-маҳалла-мактаб” узвий тизими асосида вояга етмаганлар билан манзилли ишлашни йўлга қўйиш мақсадида 2024 йил 26 февралда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Миллий гвардия ўртасида 4-к/к ва 5-к/к сонли қўшма қарор имзоланган.

Мазкур қўшма қарор билан тасдиқланган консепсияга мувофиқ эндиликда мактаблардаги давомат қуйидаги тартибда юритилиши белгиланган:

ҳар куни фан ўқитувчилари (синф раҳбарлари) томонидан ўқувчиларнинг давоматини э-Мактаб электрон платформада қайд этилади;

маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари сабабсиз дарсга келмаган ўқувчиларни аниқлаб, рўйхатини шакллантиради ва инспектор-психолог, бириктирилган Миллий гвардия ходимларига тақдим этади;

мактаб маъмурияти, инспектор-психолог ва бириктирилган Миллий гвардия ҳамкорлигида ўқувчиларнинг таълим олиш жараёнига таъсир қилмаган ҳолда уларнинг давоматини юритади;

ўқувчилар давоматини таҳлил қилиш учун э-Мактаб электрон платформаси орқали маълумотлар олинади, дарс жараёнларини бузишга йўл  қўйилмайди;

Миллий гвардия ходими сабабсиз дарсга келмаган ўқувчилар тўғрисидаги маълумотни “Маҳалла еттилиги” ва маҳаллада ташкил этилган ишчи гуруҳларга етказади;

“Маҳалла еттилиги” ва Миллий гвардия ходими сабабсиз дарс қолдирган ўқувчиларнинг яшаш манзилига бориб, ота-она билан профилактик суҳбат ўтказади ва болани дарсга қайтариш чорасини кўради;

заруратга кўра, фарзандининг таълим олишига тўсқинлик қилган ва мажбуриятини бажармаган ота-онага маъмурий чора кўрилади;

ҳар ҳафта “Маҳалла еттилиги” ва Миллий гвардия ходими ўқувчиларни дарсга қайтариш бўйича кўрилган чоралар юзасидан мувофиқлаштирувчи штабга ва мактаб маъмуриятига маълумот киритиб боради;

ҳар бир мактаб бўйича сурункали равишда дарс қолдирувчи ўқувчилар рўйхати тузилиб, улар тоифаларга ажратилади (дарс машғулотига 3 кундан ортиқ сабабсиз қатнашмаган ўқувчилар сурункали дарс қолдирган ҳисобланади);

дарсда сурункали (мунтазам) қатнашмайдиган ўқувчилар “қизил” тоифага, кечикиб келувчилар “сариқ” тоифага ажратилади;

мактаб маъмурияти, инспектор-психолог томонидан “Маҳалла еттилиги” аъзоларининг бири иштирокида “қизил” ва “сариқ” тоифаларга ажратилган ўқувчининг яшаш манзилига бориб, ота-онаси билан фарзандининг сурункали мактабга келмаганлик ҳолати бўйича профилактик суҳбат ўтказилади ва сабабларига аниқлик киритилади;

сурункали (мунтазам) дарс қолдирувчи ўқувчиларнинг ота-онасига “Маҳалла еттилиги” аъзоларининг бири томонидан икки маротаба расмий огоҳлантириш хати тақдим этилади, ўзгариш бўлмаган ҳолларда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддасига мувофиқ ота-онани (уларнинг ўрнини босувчи шахсни) жавобгарликка тортиш чораси кўрилади.

Ушбу постни қадрли ҳамкоримиз Улуғбек Пўлатов тайёрлади.

Юристга савол юбориш

Қўнғироқ орқали юрист билан ҳозироқ онлайн боғланиш

Каналимизга уланинг
               
@Yurist_Xizmati‌‌