Get Mystery Box with random crypto!

​Бовурим – жигарим! Мамбет оғам! “Умр” исмли қуш бунчалар тез | “Yoshlik” jurnali | “Ёшлик” журнали

Бовурим – жигарим!

Мамбет оғам! “Умр” исмли қуш бунчалар тез учмаса! Тошкент давлат университети журналистика факультетини тугатганимизга роппа-роса 50 йил бўлибди-я! Айтишга осон. Не замонлар ортда қолди, ким насибасини қаердан топди – ўзига аён, лекин Сиз билан биз ўша олий даргоҳда орттирган касбимизнинг этагини бирон кун қўлдан қўйганимиз йўқ: журналистиканинг қаттиқ нонини баҳам кўрдик, бола-чақа боқдик.
Талабаликнинг завқ-шавққа тўла қайноқ лаҳзаларидан мерос хотираларимиз шу қадар мўл-кўлки, уларни айтиб адо қилолмаймиз. Йил оралаб гоҳ Тошкентда, гоҳ Нукусда дийдорлашганимизда, тонготар дийдорлашувларда ўша ўсмир ёшлигимизга қайтишларимиз-чи? Дийдор азиз, меҳр-оқибат азиз бўлган жойда азиздан-азиз хотиралар яна ва яна Сизу бизни яқинлаштирди, биродарлаштирди. Қозоқ Жўлдош, туркман Байрам, қорақалпоқ Қуёш, тожикистонлик Ўринбой, қирғизистонлик Музаффар ва бошқа дўстларимиз орасида Сиз ёши улуғимизсиз, шу боис ҳам жўрабошимиз сифатида Сизнинг сўзингиз – сўз, гапингиз – гап, шундай эмасми? Илло, оға, жигитлик сўзини айтиш мавриди келди, шу-унча йиллик дийдорлашув онларида бирон марта ўзбек ва қорақалпоқ миллати орасига заррача совуқчилик тушгани йўқ, манфаатлар тарафкашлиги кузатилмади. Хаёлимизга ҳам келгани йўқ бундай машмашалар, шундай эмасми, Мамбет оға?
Бундан ўттиз йиллар муқаддам Комилжон дўстимизнинг лутфи туфайли Сизни “Бовурим” дея алқайдиган бўлдик. Қорақалпоқнинг бу шакардай ширин сўзи ўзингизга ҳам ёқди, ўша-ўша чеҳрангиздан нур таралиб, сабоқдошларимизга, “Бовурим!” дея мурожаат қилишга одатландингиз. Сиз жуда ўхшатиб айтасиз бу сўзни. “Бовурим” – “Жигарим” деган сўз сабоқдош дўстларимизни янада мустаҳкам бирлаштирувчи сеҳрли каломга айланди.
Куни кеча Муҳаммаджон дўстимиз атайин Фарғонадан Бўзатовга бориб, туман газетасининг илк сонини нашрдан чиқарди. Бовурлик бўлса шунчалар бўлибди-да, оғам! Меҳримиз жўшиб турган бир паллада қаёқдан пайдо бўлди, бузғунчиликлар?! Сизга ё бизга ярашадими, бундай бедодликлар?!
Кўриб, кўзимизга, эшитиб, қулоғимизга ишонмадик.
Шу ёшга чиқиб кўрмаган-эшитмаган воқеаларимиз юз бераяпти-ку, Қорақалпоғистонда. Устюрт водийсини яёв кезиш, олисдан бўлса-да, Орол соҳилларига нигоҳ ташлашни қўя турайлик, “Кейинги 4-5 йил ичида Қорақалпоғистонда юз бераётган янгиликларни бирга-бирга томоша қилиб толиқиб қолмайсизларми, бовурларим?” дея ичимизга ўт-олов ёқиб, меҳмонга чорлаган ўзингиз.
Борамиз ҳам, кўрамиз ҳам, фақат унутманг, Тошкентда ҳам, Нукусда ҳам ҳаммамиз – бирдек мезбон, ҳаммамиз – бирдек меҳмонмиз!
Халқларимиз одатига кўра, чинакам бовурлик шарти ана шундай, Мамбет оға!

Хуршид Дўстмуҳаммад,
ёзувчи