Get Mystery Box with random crypto!

«Сизни етим ҳолда топиб, бошпана бермадими?!» Яъни: “отасиз, е | Yaasin_uz

«Сизни етим ҳолда топиб, бошпана бермадими?!» Яъни: “отасиз, етим эдингиз, амакингиз Абу Толиб уйидан бошпана бериб, сизни ўз кафилига олмадими?” Бир ўринда бундай келади: “Сизни ёлғиз ҳолда топиб, саҳобаларнинг ҳимояси билан паноҳимга олмадимми?!”
«Яна Сизни ҳайрон ҳолда топиб…» Яъни, нубувват илмидан бехабар эдингиз. «…ҳидоят қилиб қўймадими?!» Яъни, тўғри йўл кўрсатмадимми?! «Сиз эса, (эй Муҳаммад!) ундан (ваҳийдан) олдин бехабарлардан (бири) эдингиз» (Юсуф сураси, 3-оят).
Бир гуруҳ олимлар: «Яна Сизни ҳайрон ҳолда топиб…», яъни “Қуръон ва шариатни билмас эдингиз. Аллоҳ таоло сизни Қуръон ва Ислом шариатига ҳидоят қилди”, деб тафсир қилишди. Бош қа бир гуруҳ олимлар: “Сиз адашган қавм орасида эдингиз. Аллоҳ таоло уларни сиз билан ҳидоят этди”, деб фикр билдиришди.
«Сизни камбағал ҳолда топиб…», фақир ҳолда топиб, «бой қилиб қўймадими?!» Яъни, Макканинг энг бой аёли Хадича розийаллоҳу анҳога уйлантириб қўймадими?! Ибн Ато: “Кўнглингизни фақир топиб, қалбингизни бой қилмадими?” деб тафсир қилган. Айтиладики: “Фатҳлар билан сизни бой қилиб қўймадими?! Кофирларнинг молларини сизга ўлжа қилиб бермадими?!”
«Бас, энди Сиз (ҳам) етимга қаҳр қилманг!» Оятда айнан етимнинг зикр қилиниши унинг Аллоҳ таолодан бошқа ёрдамчиси йўқлиги учундир. Оятнинг маъноси: “Етимга зулм қилманг. Ҳақини беринг. Ўзингизнинг етим бўлганингизни эсланг”.
Имом Муслим “Саҳиҳ”да ривоят қилади. Муо вия ибн Ҳакам Салмо бундай деди: “Отам, онам у зотга фидо бўлсин. Набий алайҳиссаломдан олдин ҳам, кейин ҳам у зотдан яхшироқ муаллимни кўрмадим. Аллоҳга қасам, бирон марта менга қўпол гапирмадилар, урмадилар ва койимадилар…”. Ибн Умар ривоят қилади: «Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Етим кўзига ёш олса, унинг йиғисидан Раҳмоннинг Арши ларзага келади. Шунда Аллоҳ таоло фаришталардан: “Эй фаришталарим, отаси тупроқда ётган мана бу етимни ким йиғлатди?” деб сўрайди. Фаришталар: “Раббимиз, Сен билувчироқсан”, дейишади. Аллоҳ таоло фаришталарга: “Эй фаришталарим, гувоҳ бўлинглар, ким уни юпатса ва хурсанд этса, қиёмат кунида Ўзим уни хурсанд қиламан”, дейди”, дедилар». Ибн Умар қачон етимни кўрса, бошини силаб, бир нима берарди. Анас ибн Молик ривоят қилади: «Набий алайҳиссалом: “Ким етимни қарамоғига олиб, уни таъминласа, қиёмат кунида ўша етим унга дўзахдан парда бўлади. Ким етимнинг бошини силаса, ҳар бир соч толаси миқдорича савоб ёзилади”, деб марҳамат қилдилар».
«Соил (гадо)ни эса (малол олиб) жеркиманг!» Яъни унга қўпол гапирманг. Гарчи оз нарса бериб бўлса ҳам, яхши сўз билан қайтаринг. Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: «Набий алайҳиссалом: “Ҳеч бирингиз тиланчини қайтарманг. Гарчи қўлида иккита тилла узук кўрсангиз ҳам, сўраганида беринг”, дедилар».
Бир ўринда “соил”дан мурод дин ишларини сўровчидир, яъни, “дин ҳақида савол сўраб келганга қўпол муомалада бўлиб, жеркима, мулойимлик билан жавоб бер”, дейилади. Ибн Арабий раҳимаҳуллоҳ: “Дин борасида савол сўровчига олимнинг жавоб бериши вожибдир”, деган. Абу Дардо ҳадис асҳобларини кўриши билан уларга ридосини тўшар ва: “Набий алайҳиссаломнинг суюклилари, марҳабо!” дер эди.
«Раббингизнинг неъмати ҳақида эса сўзланг!» Яъни, Аллоҳнинг неъматларини сўзланг ва шукр билан эътироф этинг. Мужоҳид: “неъмати” – Қуръон, бошқа ривоятда “нубувват”, деган. Абу Фарос Абдуллоҳ ибн Ғолиб ҳар тонг: “Кеча Раббим мени бунча ризқлантирди, бунча қироат қилдим, бунча намоз ўқидим, Аллоҳ таолони бунча зикр қилдим, бунча иш бажардим”, дер эди. Биз: “Эй Абу Фарос, сендек киши бундай гапларни гапирмайди”, дедик. У: “Аллоҳ таоло: «Раббингизнинг неъмати ҳақида эса сўзланг!» деган. Сизлар эса: “Аллоҳнинг неъматларини сўзлама, демоқдасиз”, дея жавоб берди”.
Нўъмон ибн Бишр ривоят қилади: «Набий алайҳиссалом: “Озга шукр қилмаган, кўпга шукр қилмайди. Одамларга шукр қилмаган, Аллоҳга шукр қилмайди. Аллоҳнинг неъматлари ҳақида сўзлаш – шукр, уни тарк этиш – куфрони неъматдир. Жамоат раҳматдир. Фирқаларга бўлиниш азобдир”, деб огоҳлантирдилар». Пайғамбаримиз алайҳиссалом яна бундай марҳамат қилганлар: “Аллоҳ таоло гўзалдир. Гўзалликни яхши кўради. Шунингдек, бандасида неъматлари асарини кўришни яхши кўради”.