Get Mystery Box with random crypto!

Албатта, охират дунёдан яхшироқдир Yaasin.uz «Қасамёд этурман | Yaasin_uz

Албатта, охират дунёдан яхшироқдир
Yaasin.uz
«Қасамёд этурман чошгоҳ вақти билан. Ва (ўз зулмати билан атрофни) қоплаб турган тун биланки, (эй Муҳаммад!) Раббингиз Сиздан воз кечгани ҳам йўқ, ёмон кўриб қолгани ҳам йўқ! Албатта, Сиз учун охират (саодати) дунё (фароғати) дан яхшироқдир. Яқинда Раббингиз Сизга (шундай неъматларни) ато этурки, Сиз, албатта, (ундан) рози бўлурсиз. (Эй Муҳаммад! Раббингиз) Сизни етим ҳолда топиб, бошпана бермадими?! Яна Сизни ҳайрон ҳолда топиб, (тўғри йўлга) ҳидоят қилиб қўймадими?! Сизни камбағал ҳолда топиб, (Хадичага уйланишингиз туфайли) бой қилиб қўймадими?! Бас, энди Сиз (ҳам) етимга қаҳр қилманг! Соил (гадо)ни эса (малол олиб) жеркиманг! Раббингизнинг (Сизга ато этган барча) неъмати ҳақида эса (одамларга) сўзланг!» (Зуҳо сураси).
«Қасамёд этурман чошгоҳ вақти билан». Оятда кундуз назарда тутилмоқда. Қатода, Муқотил раҳимаҳумаллоҳ оятни: “Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга чош гоҳ вақти сўзлаган. Мана шу вақт билан қасам ичмоқда”, деб тафсир қилишган. Бир ўринда: “Сеҳргарлар саждага йиқилган соат”, деб айтилади. Бошқа бир ўринда: “Чошгоҳ” – жаннат нури, олам ёришган вақт”, дейилади.
«Ва (ўз зулмати билан атрофни) қоплаб турган тун билан». Тун кундузнинг муқобилида. Яъни, тун зулматга чўмганда. Имом Заҳҳок: “қоплаб турган”, яъни барча нарсани ўраб олган”, дейди. Яна: “қоплаб турган”, яъни “одамлар сукунатга чўмган вақт”, маъносида келади.
Бир ривоятда: “Чошгоҳ вақтида ибодат қилувчи бандалар. Кеч кириб, тун чўкканда ибодат қилувчи бандалар” дейилса, бошқа ривоятда: “Чошгоҳ вақти билан қасам”, яъни орифлар қалбидаги кундуз мисол ёруғлик. “Ва (ўз зулмати билан атрофни) қоплаб турган тун билан”, яъни кофирларнинг қалбидаги кеча каби қоронғуликдир. Аллоҳ таоло мана шу нарсалар билан қасам ичмоқда”, дейилади.
«Раббингиз Сиздан воз кечгани ҳам йўқ, ёмон кўриб қолгани ҳам йўқ!» – қасамнинг жавоби. Жаброил алайҳиссаломнинг ваҳий олиб келиши бир муддат тўхтаб қолди. Шунда мушриклар: “Аллоҳ Муҳаммадни ёмон кўриб, ундан воз кечди”, дейишди. Кейин ушбу сура нозил бўлди. Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ Жундуб розийаллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Набий алайҳиссалом бетоб бўлдилар. Бир ёки икки кеча тунда нафл намоз ўқиш учун турмадилар. У зот алайҳиссаломнинг ҳузурларига бир аёл (ривоятларда бу Умму Жамил экани айтилади) келди. Сўнг: “Эй Муҳаммад, шайтонинг сени ташлаб кетди, деб умид қиламан. Икки ёки уч кундан бери ёнингда уни кўрмадим”, дейди. Унинг бу гапидан кейин Аллоҳ таоло Зуҳо сурасини нозил қилди». Ибн Журайж: “Ўн бир кун ваҳий келмай қолган” деса, Ибн Аббос розийаллоҳу анҳумо: “Йигирма беш кун”, дейди.
Салама Ибн Исҳоқдан ривоят қилади: «Албатта, Сиз учун охират (саодати) дунё (фароғати)дан яхшироқдир», яъни: “Эй Муҳаммад, ҳузуримга қайтганингизда, ато этиладиган нарса, сизга дунёда берилган иззат­икромдан яхшироқдир”. Ибн Аббос айтади: “Набий алайҳиссаломга ўзларидан ке йин умматларига бериладиган футуҳотлар кўрсатилди. Мана шу билан хурсанд бўлдилар. Шундан кейин Жаброил алайҳиссалом: «Албатта, Сиз учун охират (саодати) дунё (фароғати)дан яхшироқдир. Яқинда Раббингиз Сизга (шундай неъматларни) ато этурки, Сиз, албатта, (ундан) рози бўлурсиз» оятини ваҳий қилди”.
Ибн Исҳоқ «Сиз, албатта, (ундан) рози бўлурсиз» оятини “дунёда ғалаба, охиратда савоб”, деб тафсир қилган. Бир ўринда: “Ҳавзи Кавсар ва шафоат”, дейилади. Али ибн Абдуллоҳ ибн Аббос отасидан ривоят қилади: “Набий алайҳиссаломга умматлари учун фатҳлар кўрсатилди. У зот алайҳиссалом севиндилар. Кейин Аллоҳ таоло Зуҳо сурасини «Сиз, албатта, (ундан) рози бўлурсиз» оятига қадар нозил қилди. Аллоҳ таоло Набий алайҳиссаломга жаннатдан мингта қаср берди. Унинг тупроғи мушкдандир. Ҳар бир қасрда етарлича завжа ва ходимлар берилди”. Яна шу кишидан ривоят қилинади:
“Набий алайҳиссалом аҳли байтларидан бирор кишининг дўзахга киритилмаслигига рози бўлдилар”. Бир ўринда: “Барча мўминларнинг шафоатидир”, дейилади. Ҳазрат Али розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Аллоҳ таоло менга умматимни шафоат эттиради. Ҳатто: “Эй Муҳаммад, розимисан?” деб сўрайди. Мен: “Эй Раббим, розиман”, дейман”, дедилар».