Get Mystery Box with random crypto!

Бугун тунда мен мухлислик қиладиган 2 та жамоа ғалаба қозонди. | Xushnudbek.uz

Бугун тунда мен мухлислик қиладиган 2 та жамоа ғалаба қозонди.

Биринчиси - албатта, Ўзбекистон МТЖ. Ватанимиз жамоаси Жаҳон чемпионати-2022 ва Осиё кубоги-2023 қўшма саралаш босқичида Яман терма жамоаси устидан кичик 1-0 ҳисобида ғалаба қозонди. Ягона голни Жалолиддин Машарипов пенальтидан киритди. Ҳисоб янада каттароқ бўлиши мумкин эди, аммо Одил Аҳмедов 11 метрлик жарима зарбасини голга айлантира олмади.

Афсуски, гуруҳдаги аҳволимиз жуда унчалик қувонарли эмас. Охирги ўйинда Саудия Арабистони устидан ғалаба қозонсаккина кейинги босқичга чиқамиз. Мағлубият ва ҳаттоки дуранг натижада ҳам гуруҳда қолиб кетиш эҳтимоли жуда юқори. Чунки гуруҳдаги 2-ўринлар баҳсида натижамиз етарли бўлмай қолади.

Йигитларимиздан 15 июнь кунги муҳим баҳсда фақат ва фақат ғалаба кутиб қоламиз!

Иккинчиси - Италия терма жамоаси. 1998 йилдан буён Италияга мухлислик қиламан. Бугун тунда “Мовий гвардия” Евро-2020 чемпионатининг очилиш маросимида Туркия устидан 3-0 ҳисобида устун келди. Одатда гуруҳ баҳсларида қийин ўйнайдиган Италиянинг бундай ишончли ғалабаси одамни шубҳага солиб қўйди :)

P.S.: агар Ролан Гаррос турнири ярим финалида мен мухлислик қиладиган Рафаэль Надаль ҳам ғалаба қозонганида идеал кеча бўларди ўзиям. Афсуски грунт кортлар қироли Рафа дунёнинг 1-рақамли ракеткаси Джоковичга ютқазиб қўйди. Лекин ўйин даҳшат бўлди. Маэстролар фантастик ўйин кўрсатишди.


@xushnudbek