Get Mystery Box with random crypto!

Хотин-қизлар диққатига! 4%лик тавсиянома олиш учун ариза бериш | Xushnudbek.uz

Хотин-қизлар диққатига! 4%лик тавсиянома олиш учун ариза беришга шошилинг!

Ҳукуматнинг 2021 йил 3 июндаги 338-сонли қарори билан эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизларга қўшимча давлат гранти асосида ОТМларга қабул қилиш бўйича танловда иштирок этиш учун тавсиянома бериш тартибига ўзгартиришлар киритилди.

Ўтган йилдан бошланган бу амалиёт бўйича талабаликка қабул қилиш тартиби ҳақида мана бу ерда батафсил ёзган эдим:
https://t.me/xushnudbek/6373

Ҳужжатга киритилган асосий ўзгартиришлар қуйидагилардан иборат:

талабгорлар тегишли маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимига электрон шаклда мурожаат қилади (илгари бир дунё қоғозбозлик талаб этиларди);

танловда иштирок этиш учун тавсиянома 1 йил муддатга берилади (аввалги тартибга кўра 3 йилга бериларди).

Тавсиянома қандай тоифадаги хотин-қизларга берилади?
ЖАВОБ: https://t.me/xushnudbek/9700

Тавсиянома олиш учун ҳужжатлар aziz-ayol.uz веб-сайти орқали жорий йилнинг 8 июнь кунига қадар қабул қилинади (илгари 10 майга қадар эди). Агар мабодо сайт орқали топшириш имконини қила олмасангиз, унда яхшиси яшаш жойидаги маҳалла фуқаролари йиғинига мурожаат қилганингиз маъқул.

8 июнь дегани, бу ҳужжат топширишга атиги 3 кун қолди, дегани. 30 майдан ҳужжатлар қабул қилинади, дейилган Вазирлар Маҳкамаси қарори 3 июнда қабул қилинмоқда ва хотин-қизларга атиги 5 кун вақт бериляпти.

Бизни таълим тизимимизга теккан касал шу, одатда кечикиб ёки тақалганда қарорлар қабул қиламиз. Улгурсанг улгурдинг, улгурмасанг, ўзинг биласан, дегандек.

Юқоридаги қарорни ҳам анча вақтлироқ, масалан, йил бошида қабул қилиб, хотин-қизлар орасида яхшилаб тарғиб қилса бўлмасмиди? Ўтган йили, майли, биринчи йил, шошилинчда бўлди, карантин эди, дедик. Лекин бу йил-чи? Нега олдинроқ ҳаракат қилмаймиз? Эҳ...

Эслатиб ўтамиз, жорий йил эҳтиёжманд оилалар фарзанди бўлган хотин-қизлар учун давлат грантлари сони ўтган йилгига қараганда 2 бараварга оширилиб, 2 мингтага етказилган. Бу эса хотин-қизларга имкониятлар янада кўпроқ бўлади, дегани. Давлат томонидан берилган бундай имкониятдан албатта фойдаланиш керак!

P.S.: одатда “шу хабарни тарқатинг” дейишни ёқтирмайман. Аммо илтимос, имкони бўлса, шу хабарни эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизларга юборсангиз. Вақт қисқалигини инобатга олиб, улар тезроқ ҳужжат топширишга улгуришлари керак.


@xushnudbek