Get Mystery Box with random crypto!

Энди ўзбекистонликлар ҳам Amazon орқали маҳсулот сота оладилар | Xushnudbek.uz

Энди ўзбекистонликлар ҳам Amazon орқали маҳсулот сота оладилар

Ўзбекистонлик тадбиркорлар ҳам эндиликда Amazon электрон тижорат платформасида рўйхатдан ўтишлари ва ундан ўз маҳсулотларини реализация қилишлари мумкин. Фақат Amazon’да маҳсулотларини сотиш учун фуқаро Ўзбекистон ҳудудида яшаши, телефон рақами ва халқаро тўлов картасига эга бўлиши шарт.

Энг қизиғи, бу ҳақда Қозоғистон савдо ва интеграциялашув вазири Бахыт Султанов ўзининг Facebook’даги саҳифасида маълум қилди. Унинг айтишича, 2020 йил ноябрь ойидан буён Amazon билан музокаралар олиб борган ва Қозоғистонни платформага қўшишга эришишган. Шунингдек, улар Марказий Осиёдаги бошқа қўшни давлатларни, жумладан Ўзбекистонни ҳам қўшишни сўрашган. Бу минтақада умумий бизнес муҳитининг ривожланишига ёрдам беради, деб ҳисоблашган.

Бундан чиқадики, Ўзбекистонни дунёнинг энг гигант савдо платформаси - Amazon’га қозоғистонликлар қўшиб беришганми? Ўзимизнинг бир нечта вазирликлар, Савдо-саноат палатаси каби ташкилотлар-чи? Улар бунга ҳаракат қилиб кўришганми ҳеч?

Хўп, майли, қозоқлар умумий мақсадда бутун Марказий Осиё давлатларини Amazon’га қўшиб беришибди, дейлик, барака топишсин. Аммо энди-чи? Энди тадбиркорларимизга бу платформадан фойдаланиш, товарларини бутун дунёга сотиш, почта ва курьерлик хизматларида кўмак кўрсатиш учун кимдир йўл-йўриқ, амалий ёрдам берадими? Кимдир ташаббус кўрсатадими? Ёки “тадбиркорларимиз ҳали бунга тайёрмас”, деган позицияда турамизми? Қачонгача?

Бирор расмий муносабат, тушунтириш билдирилса, яхши бўларди.

Маълумот учун: бугунги кунда Amazon электрон тижорат платформасида 200дан ошиқ мамлакатда яшовчи бир неча юз миллион фаол харидор мавжуд. Amazon’нинг 2020 йилдаги жами сотув хажми 386,1 млрд АҚШ долларини ташкил этган.


@xushnudbek