Get Mystery Box with random crypto!

Мактабларда география фанининг қисқартирилиши масаласида Ижти | Xushnudbek.uz

Мактабларда география фанининг қисқартирилиши масаласида

Ижтимоий тармоқларда халқ таълими тизимида ишлайдиган география фани ўқитувчиларининг мурожаатлари шу кунларда кенг тарқалмоқда. Мен ҳам география фани ўқитувчиларидан жуда кўп мактублар қабул қиляпман (афсуски, хатларнинг кўпчилиги ғиж-ғиж имло хато билан ёзилган, майли, бу бошқа масала).

Шикоятларда айтилишича, мактабларда география фани соатлари қисқартирилаётган экан. Натижада иш ўринлари ҳам қисқартирилади, ёки география фани ўқитувчиларнинг ойлиги камаяди.

Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзоси сифатида ушбу мурожаатларга бефарқ бўла олмайман, албатта.

Аммо мазкур ҳолатда ким ҳақ ёки ким ноҳақ, аслида география фани дарс соатлари қисқартирилиши керакми ёки керак эмасми, деган саволларга тугал жавоб бермоқчи эмасман. Барчаси сабаблар, асослар ва оқибатларга боғлиқ.

Агар биз халқ таълими тизимини ислоҳ қилиб, янгича ва замонавий ўқув методологиясини ўрнатмоқчи эканмиз, бундай ҳолда дарс соатлари ва ўзи умуман ўқув режаси ўзгариши табиий. Қайсидир фанлардан, гарчи оғриқли бўлса-да, балки бутунлай воз кечишимиз керакдир, қайсидир фанлар бўйича ўқувчиларга юкламаларни камайтириш керакдир, қайсидирларини ўз жойида қолдириб, балки яна бошқа бир фаннинг соатини кўпайтириш талаб этилар. Таълим ўлик ва қотиб қолган механизм эмас, у худди тирик организм каби замонга қараб ўзгариши, мослашиши керак. 100 йилдан буён шунақаку, энди нега бунақа бўлмаяпти, дейиш нотўғри.

Аммо бу ўзгаришлар адолатли ва холисона бўлиши, имкон қадар оғриқсиз режалаштирилиши керак. Шунга кўра, Халқ таълими вазирлиги география фани масаласида матбуот анжумани ташкил қилиб, кенг жамоатчиликка юзага келган вазият бўйича батафсил тушунтириш бериши, ўз қарорини асослаши керак. Ўқитувчилар [ва агар бўлса касаба уюшмалари] билан музокаралар олиб бориши, уларнинг важларини тинглаши шарт. Шундагина биз асл ҳақиқат қаердалигини билишимиз мумкин бўлади ва шундан кейингина ҳолат бўйича бирор якуний хулосага кела оламиз.

Ҳозирча фақат ўқитувчиларнинг шикояти баландроқ эшитилмоқда, аммо вазирлик тарафдан бунга муносиб жавоб келаётгани йўқ.

Умид қиламанки, тез орада география фани ўқитувчиларининг шикоят ва эътирозлари бўйича вазирликнинг позициясини эшитамиз. Балки юзага келган муаммоли вазиятнинг бирор оптимал ва холис ечими ҳам топилиб қолар.


@xushnudbek