Get Mystery Box with random crypto!

Тадбиркорларга тушунтириш эмас, амалий ҳаракат керак Янги йил | Xushnudbek.uz

Тадбиркорларга тушунтириш эмас, амалий ҳаракат керак

Янги йил бошланиши билан солиқ ставкалари ва солиқ маъмурчилигидаги янгиликлар бўйича билдирилаётган оммавий эътирозлар юзасидан бугун Давлат солиқ қўмитаси раҳбарияти оммавий ахборот воситалари учун матбуот анжумани ўтказиши кутилаяпти. Ишончимиз комилки, улар ҳар бир эътироз бўйича аргумент келтиради, ўзларининг ҳақлигини исботлашади, айрим “ноинсоф” солиқ тўловчиларнинг қинғирликлари ҳақида мисоллар келтиради.

Шу воқеалар бошлангач, бухгалтерлар, тадбиркорлар билан юзага келган вазият бўйича суҳбатлашиб, тушундикки, солиқчилардан тушунтириш сўралмаяпти, ҳаракат сўраляпти, минг тўғри бўлгани, минг қонуний бўлгани (бунгаям саволлар бор) билан ҳам жуда кўпчиликка тўғридан-тўғри дахл қилгани эътирозларнинг баланд овозларда янграшига сабаб бўлаяпти. Бунда ким ҳақ ёки ким ноҳақлиги муҳим эмас, аввало, компромисга борилиши — аниқроғи, тадбиркорлар тараф ижобий қадам ташланиши лозим.

Иккинчидан
, яширин иқтисодиётга қарши курашиш, солиқ базасини кенгайтириш йўлида, афтидан, қилинаётган саъй-ҳаракатлар охир-оқибат узоқ муддатли истиқболда яширин иқтисодиётнинг янада кенгайишига, солиқ базасининг камайишига олиб келмайдими? Тадбиркорлар яна “қора” схемалар орқали ишлашга ўтиб кетмайдими? Бу ҳам прогноз қилинганми? Ёки ўз хатти-ҳаракатини ҳаспўслаш учун ўзига маъқул ва мақбул прогнозларни ишлатишаяптими?

Учинчидан, солиқ маъмурчилиги бўйича жорий қилинаётган янгиликлар тадбиркорлик фаолиятининг харажатларини оширмайдими? (Мисол учун, бухгалтерлар хизмати нархи каррасига ошади) Пировардида оддий одамлар, халқимиз, энди-энди елкасига шамол тегаётган қора-кўзларимиз бунинг бадалини тўламайдими?

Тўртинчидан, ҳамма айтиб келаяпти, Ўзбекистон бизнес муҳитига таъсир қилаётган салбий омиллардан бири сифатида қонунчилик ва уни қўллаш амалиётининг беқарорлиги ҳисобланади. Ҳар йили янгилаётган қонунчилик, янгиланганда ҳам — идоравий манфаатлар йўлида янгиланаётган ўзбошимчаликларга қачон барҳам берилади? Нега, масалан, Солиқ ва бошқа тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ ҳужжатларга тадбиркорлар учун ҳар қандай юкламани оширишга (ставкадан тортиб, e-бир-балолар) қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритишга 5 йилга, 10 йилга мораторий жорий қилса бўлмайдими? Тадбиркор фойдасига бўлса, майли, киритишсин. Кейин шу гапимизда доим собит қоламиз: солиққа оид қонун лойиҳалари парламентда ёзилиши керак, ундан манфаатдор ташкилотларда эмас.

Бешинчидан
, тадбиркорларни қийнаш бўйича қисқагина тарихимизда йўл қўйган хатоларимизни яна ва яна такрорлашдан тийилишимиз керак. Тадбиркорни гап-сўзлар билан алдамасдан, унга ёрдам бериш керак. Назаримизда, бу ёрдам сиёсий бўлиши керак. Тадбиркор учун, халқ учун кимнингдир ҳақлиги муҳим эмас, тадбиркорлар ҳозирги шартли комфорт ҳолатидан ноқулай, ёқимсиз муҳитга ўтаётганини ҳукумат теран ҳис қилиши керак. Тадбиркорлар ҳали бизга кўп керак бўлади.

ИМҲО.