Get Mystery Box with random crypto!

Ваниҳоят: “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун лойиҳас | Xushnudbek.uz

Ваниҳоят: “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасига киритилди

Бу ҳақда Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Отабек Ҳасанов ҳамда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхонов хабар бермоқда.

Мустақилликнинг илк йилларидан буён давлат хизматчиларининг ҳуқуқий мақоми ва уларнинг фаолияти билан боғлиқ бошқа муҳим қоидаларни ўзида акс эттирувчи қонунга эҳтиёж бор эди. Аммо 30 йил давомида бу каби қонун лойиҳаси бир неча бор ишлаб чиқилган бўлса-да, лекин охирига етмаган, яъни қабул қилинмаган. Бу эса амалиётда ўзининг салбий таъсирини ўтказмай қолмаган.

Чунки давлат хизматида ишлаётган хоҳ амалдор, хоҳ оддий хизматчи ўзининг келажагини ушбу тизимда кўриши қийин эди. Давлат хизмати қонуний ва фидойилик билан ишлаш учун жозибадор эмасди. Аксинча ўмариш, коррупция орқали мўмай даромад топиш учунгина яхши имконият бўлиб кўринган ва кўп жойларда ҳалигача шундай бўлиб қолмоқда. Буни бартараф этиш учун эса тезроқ қонун ва шу орқали аниқ тизим керак!

Парламентга киритилган қонун лойиҳасида давлат фуқаролик хизматчиларининг мақоми, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, ишга кириш очиқ танлов асосида амалга оширилиши, хизматчиларнинг ротацияси, хизмат сафарлари, ижтимоий ҳимояси, хусусан, давлат фуқаролик хизматчисининг ҳаёти ва соғлиғи давлат бюджети ҳисобидан мажбурий суғурта қилиниши белгиланмоқда.

Нега давлат фуқаролик хизмати?

Чунки сайланадиган, ҳарбийлашган, суд ҳокимияти ёки шу каби алоҳида фаолият тури билан шуғулланувчи тузилмаларни бир хил қоидалар билан қамраб олишнинг иложи йўқ. Шу сабабли ҳозирда биринчи қадам сифатида ижро ҳокимиятининг 200 дан ортиқ давлат органлари ва ташкилотларидаги 100 мингдан ортиқ давлат фуқаролик хизматчиларининг фаолияти билан боғлиқ барча муносабатлар ягона қоидалар асосида тартибга солинмоқда.

Бундан буён ушбу барча вазирлик ва идораларда ходимларни ишга қабул қилиш, уларни хизмат поғоналарида ўстириш, рағбатлантириш ёки интизомий жазолаш ва хизматни тугатиш масалаларида турлича ёндашувларга барҳам берилади.

Қонун лойиҳасига мувофиқ, эндиликда давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг давлат реестри юритилади ҳамда малака даражалари тартибга солинади.

Бу нима дегани? Эндиликда юристлар, ҳуқуқни муҳофаза этувчи ва мудофаа органларидаги ходимларнинг махсус унвонлари каби фуқаролик хизматчилари ҳам махсус мартабалар, яъни малака даражаларига ("чин") эга бўлади.

Бундан ташқари, қонун лойиҳасида давлат фуқаролик хизматини ўташ билан боғлиқ чекловлар белгиланиб, ўзаро яқин қариндошлик ёки қуда-андачиликда бўлган шахслар бевосита бўйсунув ва назорати остидаги давлат фуқаролик хизмати лавозимини эгаллаш, педагогик, илмий ва ижодий фаолиятдан ташқари бошқа ҳақ тўланадиган фаолият тури билан шуғулланиш, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш, мавқеидан фойдаланиб ёки ўз хизмат вазифаларини бажариши эвазига ҳар қандай турдаги мукофот ёхуд совға олиш, чет эл фуқаролигига эга бўлиш, республика ҳудудидан ташқарида ҳисобварақлар очиш ва эгалик қилиш, кўчмас ва бошқа мол-мулкка эга бўлиш тақиқланмоқда.

Қонун лойиҳаси Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги (АРГОС) томонидан ишлаб чиқилган.


@xushnudbek