Get Mystery Box with random crypto!

Журналист Саидносир Усмонов фейсбукда ёзяпти: “…Хизмат сафари | Xushnudbek.uz

Журналист Саидносир Усмонов фейсбукда ёзяпти:

“…Хизмат сафаридан қайтдим. Минг бир алам ва шум хабар исканжасидаман. Бундан бир йил аввал опамнинг 11 ёшли ўғли ЙТҲ қурбони бўлган эди. Энди синглимни 14 ёшли ўғли ЙТҲ ҳодисасига учраб касалхонада кома ҳолатида ётибди. 03.12.2021 да тахминан соат 18.30 ларда "Малика" савдо мажмуаси ёнида Нексия русумли автомобил пиёдалар яшил чироғида ўтиб кетаётган болани уриб юборган. Айтилишича, шу йўлда бўлган тез тиббий ёрдам машинаси болани 7 шаҳар клиник шифохонасига олиб борган. Аҳволи оғирлашгач, бола РШТЁМ га ўтказилган. Эрталабгача синглим билан куёвимни бормаган жойи қолмаган. ИИБ ходимлари касалхонада бола аварияси билан боғлиқ ЙТҲ содир бўлмаганини маълум қилишган. Фақат жиянимнинг сумкасидаги дафтарда ёзилган мактаб рақами ва исм-фамилиясини ҳамширалар телеграм каналларига тарқатибгина синглимни хабардор қилишган. Эрта тонгдан карахт ҳолатда синглим касалхонага борган ва не кўз билан кўрсинки, жигаргўшаси оғир аҳволда жонлантириш бўлимида ётибди. Қанчалар аламли изтироб... Ҳар куни ўнлаб пиёдалар, мурғак қалб эгалари машина ғилдираклари тагида қолиб кетмоқда. Йўллардаги бетартиблик, билиб-билмасдан машина ҳайдаётганлар касрига кимдир яқинидан, жигаргўшасидан айрилмоқда ва бу ҳолатлар юзлаб одамларнинг умрбод мажруҳ бўлиб қолишига сабаб бўлмоқда.
ҚАЧОН? ҚАЧОН? ҚАЧОН УЙҒОНАМИЗ? Қачон хайрихоҳлик нима эканлигини ўрганамиз? Қачон 10 соат ўтса ҳамки тезкорлик билан ЙТҲ ҳақидаги ҳолатга ойдинлик кирита олмайдиган ИИБ нинг айрим ходимлари фаолиятини ўнглай оламиз. Саволлар кўп. Жавоб эса мавҳум. Ҳайдовчи эса фақат ўзини оқлаш учун турли важларни ўйлаб топиш билан овора.... Илоҳим жигаримнинг нуридийдасига Аллоҳ шифо берсин."

P.S. Худди шу ҳамкасбимизнинг бошқа жияни ўтган йили йўлда ҳалок бўлгани ва айбдор топилмагани(чора кўрилмагани) ҳақида кўп ёзганман. Бир оиланинг иккита боласи ЙТҲ қурбони. Бу ахир даҳшатку! Тинч замонда минглаб одам, болаларни йўқотяпмиз. На профилактика бор, на стратегия бор, на жиноятга жазо бор!

Ё Аллоҳ, болажонга шифо бер!