Get Mystery Box with random crypto!

Савол: контрактни 4 га бўлиб тўлаш имкони ҳозир ҳам борми? Инс | Xushnudbek.uz

Савол: контрактни 4 га бўлиб тўлаш имкони ҳозир ҳам борми? Институтимизда контракт тўламаган талабларни дарсга киритишмаяпти. Талабалар дарсга келса "НБ" қўйишяпти. Оралиқ назоратларга ҳам киритишмаяпти. Контактни 4 га бўлиб тўлаш имкони борку, десак шартномада ундай гап йўқ дейишяпти. Илтимос, шунга аниқлик киритиб берсангиз.

ЖАВОБ:
Ҳа, 4 га бўлиб тўлаш мумкин.

Ушбу мурожаатда қайд этилган масалага ойдинлик киритиш мақсадида, Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари Сарвархон Бузрукхонов билан боғланиб, изоҳ олишга ҳаракат қилдим.

Берилган изоҳга кўра, Президентнинг 2020 йил 2 мартдаги ПФ-5953-сон Фармонига мувофиқ 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб республика ОТМ талабаларига ўқув йили давомида тенг улушларда камида тўрт маротаба ўқиш учун тўловларни амалга ошириш имконияти тақдим этилган.

Давлат қабул комиссияси билан келишилган ҳолда тўловларни амалга ошириш муддати қуйидагича белгиланган:

— белгиланган тўлов миқдорининг камида 25 фоизини талабаликка тавсия этилган абитуриентлар учун 15 сентябргача ёки Давлат комиссияси томонидан белгиланган муддатгача ҳамда иккинчи ва ундан кейинги босқич талабалар учун 1 октябргача ёки ОТМ ректори (филиал директори) томонидан узайтирилган муддатгача;

— белгиланган тўлов миқдорининг камида 50 фоизи 1 январгача, 75 фоизи 1 апрелгача ва 100 фоизи 1 июлгача ёки ОТМ ректори (филиал директори) томонидан узайтирилган муддатларгача.

Шу билан бирга, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 18 августдаги 527-сон қарори иловаси билан тасдиқланган Низомга мувофиқ ўқиш учун йиллик тўловнинг тўлиқ миқдорини белгиланган тартибда, тенг улушларда тўрт қисмга бўлиш йўли билан ўтказишга рухсат берилган.

Бундан хулоса қилиш мумкинки, бугунги кун ҳолатига 50% тўлов талаб қилишаётгани амалдаги тартибга зид. Аммо талабалар бугунги кунгача камида 25% тўловни амалга оширишлари керак эди.

Агар сизда ҳам шу масала бўйича муаммо юзага келаётган бўлса, изоҳларда ёзиб қолдиришингиз мумкин. Тегишли мутасаддилар билан боғланиб, аниқлик киритишга ҳаракат қиламиз.


@xushnudbek