Get Mystery Box with random crypto!

#ТОКИ_ҲАЁТ_ЭКАНМАН... Уларниям олиб келмабсиз-да. | XazonRezgi (Official Channel)

#ТОКИ_ҲАЁТ_ЭКАНМАН...

Уларниям олиб келмабсиз-да.

- Додажонни биласиз- ку ? Эрталабдан уччаласини йиғиштириб Ойижон билан шаҳар айлантиришга олиб кетдилар . Мен эса улардан узр сўраб , бу ёққа қанот боғлаб учдим.

- Заб келибсиз- да , опажон. Бир мириқиб суҳбатлашамиз,- Фотима шундай деб янги дамлаган чойдан қўйиб узатди ,- олинг иссиқ - иссиқ ичинг.

- Фотима , қаердан келаетгандингиз ? Эрталабдан уйда йўқсиз ? - Сарвиноз чой хўплар экан овсинининг юз- кўзига синчков боқди ,- Камрон туззукмилар ? Ишлари жойидами ?

- Барчаси яхши , опа. Қайнингиз ҳам яхшилар ,- жилмайишга ҳаракат қилди Фотима .

- Фотима... Менга қаранг . Сиз кимларнидир алдай оларсиз , аммо мени эмас. Кошки сизни билмасам экан. Юз - кўзингиздан қаттиқ изтироб чекаётганингиз кўриниб турибди-ку ! Мен сизга айтсам аёл дардини аёл тушунади. Қани менга бир бошдан ёрилинг- чи ?

- Сиздан ҳеч нарсани яшириб бўлмайди- я , опа ?! Келинг , шу нарсаларни сўраманг. Ўзингиз айтгандек озиб - ёзиб бир кўришганимизда таъбингизни хира қилмай . Айтишади- ку "Ойда, йилда бир бозор , униям ёмғир бузар" деб . Шунга ўхшамасин.

- Фотима, биримизни дардимиздан иккинчимизни таъбимиз бузилса опа- сингиллигимиз қаерда қолди ,- деди Сарвиноз ўртаниб ,- ростини айтсам, бир неча кун олдин тушимга кирибсиз. Очиғи авваллари сира бунақа туш кўрмагандим. Тушимда оппоқ ҳаррир кўйлак кийиб олган эмишсиз. Юзингизда ҳам шунақа нафис ҳаррир ёпинчиқ эмиш. Мен ҳайрон бўлиб "Фотима, нима учун юзингизни ёпиб олдингиз ? Сабаби нима?" деб сўрабман. Сиз эса "Опажон... Кўргим келмаган нарсаларни кўрмаслик учун" дермишсиз.
Фотима , ростини айтинг. Сизга жуда қийинлигини биламан. Аммо айнан нималар бўлмоқда ? Сўрамай дейман- у ... Бироқ мен Таҳмина ўзини ортиқча эркаликлари билан сизни хафа қиляптими деган хаёлдаман. Ахир менинг кўзларим очиқ . Барини айтмасангиз ҳам кўриб турибман...

- Опажооон ...

Фотима ўзини боса олмай йиғлаб юборди. У кафти билан оғзини ёпиб овоз чиқармасликка ҳаракат қилар , аммо ўзанини бузиб тошиб келаётган баҳорги селдек дардлари кўзларидан ёш , туғёнлари бўғзидан оташ бўлиб отилиб кела бошлаганди.

Сарвиноз ўрнидан туриб Фотиманинг ёнига ўтирди. Уни бағрига босиб ўзи ҳам йиғлай бошлади.

- Ўзимни сабрлигим... "Жоним тошдан" деб ўзини ва бошқаларни алдайдиган , кўнгли мунис кўклам чечагидан ҳам нафис синглим. Мен билгандим- а... Юрагим айтганди- я ...
"Фотимагина қийналиб кетди , угинадан хабар ол" деганди- я , юрагим.
Айтинг , жон синглим. Менга айтмасангиз кимга айтасиз ?

- Опажон...- бўғзидаги аччиқ аламни ютди Фотима ,- ҳозир Таҳминани шифохонага ётқизиб келяпмиз. Қайнингиз иккимиз. Унинг аҳволи яхши эмас.
Мен!
Мен ўзим сабабчиман барчасига ! Ундан биз учун туғиб беришини сўрамаганимда бу савдолар йўқ эди. Мана энди мен , Таҳмина, Камрон акам - барчамиз зардоб ютиб ўтирибмиз. Ҳаммадан ҳам гўдакнинг туғилиши , туғилганда эса яшаб кетиши муаммо эмиш.
Жудаям сиқилиб кетдим , Опажон. Боя Таҳмина мендан гўдак эсон- омон туғилса , унинг гувоҳномасидаги "отаси" деган жой бўш қолмаслигини , у жойнинг ҳаққи халол эгаси Камрон акам эканликларини , мумкин бўлса ўша ерга уларнинг номлари ёзилишини илтимос қилди. Биласизми , Таҳмина у сўзларни шундай оҳангда гапирди-ки , гўё менга васият қилгандек бўлди. Ўша лаҳзаларда аламдан сочларимни битталаб юлиб ташлагудек бўлдим.
Опажон, мен ... Мен Таҳмина ва гўдакнинг соғ- саломат бўлишлари учун барча нарсага тайёрман...

- Ва сиз ?! - кўзлари катта-катта очилди Сарвинознинг.

- Бир соат олдин Камрон акам ва Таҳмина расмий никоҳдан ўтишлари учун ариза беришди. Уларни "Бахт уйи"га ўзим олиб бордим...

Икки аёл жим бўлиб қолишди .
Орадаги сукутни биринчи бўлиб Сарвиноз бузди :

- Шундай бўлишини билардим...- оғир хўрсинди Сарвиноз,- аввал бошдан сизнинг барча режаларингиз менга кафтдек аён эди-...

- Опааа...

Сарвиноз ҳазин овозда гўёки алла айтаётгандек сўзлай кетди:


@Xazon_Rezgi /68