Get Mystery Box with random crypto!

СЕН БАҲОРНИ СОҒИНМАДИНГМИ? Уйғонгувчи боғларни кездим, Топай | Хайрулла Ҳамидовдан...

СЕН БАҲОРНИ СОҒИНМАДИНГМИ?

Уйғонгувчи боғларни кездим,
Топай дедим қирдан изингни.
Ёноғингдан ранг олган дедим —
Лолазорга бурдим юзимни,
Учратмадим аммо ўзингни,
—  Сен баҳорни соғинмадингми?

Узоқларда залворли тоғлар
Хаёлимни келдилар босиб.
Кечди қанча интизор чоғлар,
Васлинг менга бўлмади насиб,
Сенсиз мен ҳам, баҳор ҳам ғариб,
—  Сен баҳорни соғинмадингми?

Ўнгирларда сакрайди оҳу,
Наъматакда саъва миттижон.
Қорликлардан сипқарилган сув,
Дараларда уради жавлон.
Нигоҳимдан фақат сен пинҳон,
—  Сен баҳорни соғинмадингми?

Мана, бугун наврўзи олам,
Дўстларимга гуллар тутарман.
Қайлардасан, севгили эркам...
Қўлимда гул, сени кутарман,
Умрим бўйи чорлаб ўтарман,
—  Сен баҳорни соғинмадингми?

1963

Абдулла Орипов

@xayrulla_xamidov1