Get Mystery Box with random crypto!

Анови одам... Анови одамни кўрганмисиз ҳеч, Ёнинггиздан, ахир | Хайрулла Ҳамидовдан...

Анови одам...

Анови одамни кўрганмисиз ҳеч,
Ёнинггиздан, ахир, ҳар кун ўтгандир?
Кўзидан билинар илоҳий бир куч-
Юраги ҳавасга тўлиб кетгандир.

Уни атамаслар замона зўри,
Сокинлиги ҳар не сарҳаддан ўтар.
Уники эмасдир минбарлар тўри,
Қандай келган бўлса, шундайин кетар.

Шону шавкат учун тутмайди мотам,
Оқмас шуҳрат учун кўзда ёшлари.
Ғийбат қилмаган у бировни ҳеч ҳам,
Аммо сезмагандир суҳбатдошлари.

Хайҳот, кўзларида бир ҳайрат яшар,
Сезасиз қадардан холийлигини.
У ўзин атайди оддий бир башар,
У билмас ўзининг ВАЛИЙЛИГИНИ!

@xayrulla_xamidov1