Get Mystery Box with random crypto!

ЖИМ ЁТАР Залворли сукунат! Дунё юкидан Эзилиб не давру даврон | Xayrulla HAMIDOV ijodi /official

ЖИМ ЁТАР

Залворли сукунат! Дунё юкидан
Эзилиб не давру даврон жим ётар.
Сайду сайёдларнинг вахшийлигидан
Яйраб юролмайди – жайрон жим ётар.

Ҳаддан ошиб кетсанг тўкин чоғларда,
Оловдек ўртангай қалбинг доғларда...
Ҳаттоки пурвиқор сокин тоғларда
Паймонасин кутиб вулқон жим ётар.

Эслаб кўр – не сабаб икки Инсонни
Ҳайдаб чиқардилар, қўшиб шайтонни...
Нафс ёмон, бир қара, шўрлик сичқонни
Етаклаб бормоқда... қопқон жим ётар.

Эй дўстим, шериксиз чиқмагил овга,
Не ҳам қилолардинг бир ўзинг ёвга.
Ҳар инсон мухтождир бошқа бировга,
Ёйсиз қолса кор йўқ – камон жим ётар.

Закий кўзлар учун ёруғдир кеч ҳам,
Ҳаддини билгайдир, ошмайди ҳеч ҳам.
Ақлли сайёдлар шошмайди ҳеч ҳам,
Ўлжаси ўтлайди... Арслон жим ётар.

Хайрулло, бас, етар, ўйнадинг-кулдинг,
Дунёнинг энг сирли ўйинин билдинг.
Шовқин-сурон қилма, уч кунга келдинг,
Бировнинг уйида меҳмон жим ётар.

@Xayrulla_Hamidov_adabiyot