Get Mystery Box with random crypto!

Расмни олиб ташланг! Каналга жойланган расмни ўчириб ташлаш и | Тўғри ёзамиз — мутахассис блоги

Расмни олиб ташланг!

Каналга жойланган расмни ўчириб ташлаш илтимослари бизга тез-тез келиб туради. Аммо энг қизиғи, мурожаат қилаётганлар кўпинча дизайнерлар, оддий ишчилар бўлади.

Зарурат бўлса, компания номи яшириб қўйилиши мумкин, аммо расм сабабсиз олиб ташланмайди. Олиб ташлаш учун пул ҳам таклиф қилманг.

Раҳбарларга бир қанча маслаҳатларим бор:

1. Корхонангизда ҳар ким ўз ишини қилиши керак: дизайн билан дизайнер шуғуллансин, матн билан эса копирайтер, мусаҳҳиҳ копирайтер йўл қўйган хатолар устида ишласин.

2. Ҳеч қачон бир соҳа вакилига бошқа соҳа доирасидаги вазифани, зиммасидагидан зиёда ишни юкламанг! Майли, ҳали матн билан ишлайдиган ходим олмагандирсиз. Лекин матн қисқа бўлса, уни текширтириш учун бизга мурожаат қилишдан уялманг. Биз ёрдам беролмасак, гуруҳларимизда обуначилардан сўранг — ёрдам берувчилар топилади.

3. Биз оммага эълон қилинмаган хатоларни каналга жойламаймиз. Яъни шундоқ ҳам омма учун мўлжалланган ва ҳаммага очиқ бўлган расмларни жойлаймиз. Бизнинг мақсад — саводхонликни сўнмайдиган трендга айлантириш. Бундан сиз раҳбар сифатида тўғри хулоса чиқаришингиз керак, ишчингизга жаҳл қилишингиз эмас.

4. Каналга биргина расм жойлангани учун сизнинг обрўнгизга путур етиб қолмайди. Аслида, ўша эълон оммага тақдим этилиши биланоқ обрўнгизга кун сайин путур етаётган бўлади.

———————————————
Каналимизда бирор компаниянинг хато билан ёзилган расми пайдо бўлса, ўша компания раҳбари қандай реакция билдиради?

Фаросатсиз раҳбар:
ғазабланади, ходимини уришади, сўкади, пулидан қирқиб қолади, ишдан ҳайдайди ва ҳоказо. Нима қилиб бўлса ҳам расмни каналдан олдириб ташлашни буюради.

Фаросатли раҳбар: айб аслида ўзида эканини тушунади ва шунга кўра ходимини сўкмайди. Эҳтимол, уни койир, лекин расмни каналдан ўчиртириб ташлашни буюрмайди. Аксинча, бизга раҳбарнинг ўзи мурожаат қилиб, вазиятни тушунтиради ва бошқа бундай ҳолат бўлмаслиги учун ҳаракат қилишларини айтади.

*Масалан, кечаги довучча ҳақидаги постдан кейин компания вакили дарҳол изоҳ ёзди. Унда хатони тўғрилатиб қўйишини айтиб, давомидан яхши копирайтер изланаётганини ҳам билдириб кетди. Буни мен маркетинг нуқтаи назаридан жуда тўғри ва ижобий реакция деб ҳисоблайман.

@xatoliklar