Get Mystery Box with random crypto!

СИЙРАТДАН САТРЛАР Исро ва Меърож. (Бешинчи қисм.) Расулулло | Voris Media

СИЙРАТДАН САТРЛАР

Исро ва Меърож.

(Бешинчи қисм.)

Расулуллоҳ ﷺ га Исро кечаси Меърожда яна кўплаб ажойиботлар кўрсатилди. Сўнг Жибрийл алайҳиссалом ҳамрохлигида Расулуллоҳ ﷺ Байтул - Мақдисга тушдилар ва пайғамбарларга имом бўлиб намоз ўқидилар ва тонг отишидан аввал Маккага қайтдилар.  (Имом Бухорий ва Имом Муслимнинг хадис китобларида бу воқеанинг бутун тафсилоти баён қилинган.)

Ибн Қаййим ал Жавзий роҳимаҳуллоҳ айтади:

Расулуллоҳ ﷺ Маккага қайтаётганларида  (маккаликларнинг) карвонини кўрдилар. Улар дам олишга тўхтаб, ухлаб ётишарди. Карвондан ажраб, қочиб кетган бир туяларини қайтариб - йўллаб қўйдилар. Карвондаги бир кишининг мешидаги бир ичимлик сувини олиб ичдилар. Мешни қайтиб боғлаб қўйдилар.  (У Зот ﷺ нинг ушбу ишлари Исро кечасининг тонгида ўз даъволарининг ҳақлигига далил бўлади.)

Тонг отгач, Расулуллоҳ ﷺ Ҳарамга чиқиб қавмига Улуғ ва Буюк Аллоҳ кўрсатган катта аломатларни сўзлаб бердилар. Шунда Абу Жаҳл тўрт тарафга қараб қичқиришни бошлади: "Ҳой Каъб ибн Луай жамоати, бу ёққа келинглар!"
Қурайш мушриклари югургилаб келишди.
Шунда Абу Жаҳл баланд овозда деди: "Эй Муҳаммад, гапларингни яна бир бор қайтаргин, булар эшитишсин!"
Расулуллоҳ ﷺ уларга ҳам Меърож воқеасини баён қилиб бердилар. Мушриклар хайратдан ёқа ушлаб "бўлмаган гап" дейишди, баъзилари уввос солишди, баъзилари чаппак чалишди ва баъзилари пешонасини тутамлаб ўйга чўмишди.
Шунда мушриклар Расулуллоҳ ﷺ га Байтул - Мақдисни тавсифлаб беришни талаб қилишди. (Улар Расулуллоҳ ﷺ нинг аввал (у ерга) бормаганлигини билишарди.) Сафар билан Байтул Мақдисга борган тижоратчиларни чақиришди ва уларга "диққат билан қулоқ тутинглар, Муҳаммадни гапларига" дейишди. Мушрикларнинг асосий мақсади У Зот ﷺ ни шарманда қилиш эди.  (Расулуллоҳ ﷺ ўша кеча Байтул Масжидга кириб намоз ўқиган эдилар, лекин масжид ва ундаги нарсаларга диққат билан назар солмаган эдилар.)  Лекин Улуғ ва Буюк Аллоҳ, расули ва ҳабибини яна бир мўъжиза билан қувватлади. Аллоҳ азза ва жалла Байтул Мақдисни Расулуллоҳ ﷺ нинг кўз олдиларида намоён қилди ва У Зот ﷺ унга қараб, барча белгиларини айтиб бердилар. Гувоҳликка чақирилган (тожирлар) хайратланиб қолдилар, чунки, Расулуллоҳ ﷺ масжид ичидаги устунлар ва уларни ададигача айтиб бердилар. Улар Расулуллоҳ ﷺ нинг биронта сўзини ҳам инкор қилиша олмадилар...

{ Софиюрроҳман Муборакфурий: "Ар - Роҳиқ ал - Мактум китобидан. }


давоми бор...