Get Mystery Box with random crypto!

БИР ХОИН ХУСУСИДА Азалий кўзлари ит кўзларидай… Юзида азалий | Ватанпарвармас

БИР ХОИН ХУСУСИДА

Азалий кўзлари
ит кўзларидай…
Юзида азалий дарди бор эди.
Қомати ҳамиша калтабинларга
эгилган бошига сайёр дор эди.
Ҳар нокас келару борини олар,
қўйнида тўлғонган ёрини олар,
қовушган қўлига кулиб қарару
оғир нигоҳ билан жонини олар.
Сарбоз этиклари остида дунё —
дунё келажакка кирмакда ёниб.
Турар у қўлларин қовуштирганча,
оқар санжоқдаги руҳидан қони.
Жоним-жигаримсан,
сен-да одамсан,
лоақал кўзингда бир ёш кўрсайдим,
лоақал қовушиб қолган қўлингда
ёвларга аталган бир тош кўрсайдим.
Қай бир қаро кунда туғилган эдинг,
сени четлаб ўтар ишқдир, иқболдир.
Уммон чўлга дўнар,
чўллар уммонга,
тоғлар қумга дўнар,
фақат сен қолдинг.
Турасан келажак бўсағасида
булғаб пок қуёшнинг зиёларини,
ўз сувратинг билан бузмоқлик учун
бахтли болаларнинг дунёларини.

Э, йўғ-эй,
мен сени бўғиб ташларман,
келажак кўрмаган сендай беорни.
Нимадир қарс этди,
бир оҳ дедиму
юзтубан йиқилдим
чангаллаб қорни.
Бўрилар ҳидсираб келди дунёдан…
Юзтубан ётганим кўрмади ҳеч ким —
ўз қўлим ўзимни маҳв этди бугун,
ўз ерим ўзимнинг қонимни ичди.

Қотилим билмадим,
кўрдим ҳаммадан —
юз бора, минг бора ботдим гуноҳга.
Сен ўтдинг келажак бўсағасидан,
мендан-да керакроқ эдинг дунёга.
Сени алқадилар,
кифтингга қоқиб,
мақтовлар ёғилди оққуш паридай,
мен эса йиғладим эна еримнинг
топталган қоронғи оғушларида.
Эна-эй,
Эна ер,
қонимни ичгил,
тезроқ адо бўлсин жисмимда хўрлик.
Эшитдим тоғларнинг гулдиросини,
кўкатлар кўккача ўсганин кўрдим…

Шавкат Рахмон