Get Mystery Box with random crypto!

КАМПИР ҲАҚИДА ШЕЪР Тонгда жўнар бозорга Дили тўла аламга, Дил | UzTwit

КАМПИР ҲАҚИДА ШЕЪР

Тонгда жўнар бозорга
Дили тўла аламга,
Дили тўла озорга
Ҳеч кими йўқ бу кампир.

Уч-тўрт ҳовуч қурт еган
Олмасини уяди
Ва кечгача саратон
Офтобида куяди.

Ҳеч ким унга қарамас,
Қарамас олмасига,
Одамларга боқар у
Боққандек боласига.

Баъзилар тўқнашаркан
Унинг мунгли кўзига,
Чидолмасдан, қайрилиб
Кета бошлар изига.

Ҳеч кимни яқинлатмас
Кўзидаги дард-алам,
Мўлтираб айтса ҳам-ки:
“Олмамдан олинг, болам...”

Шомда уйига қайтар
Кўтариб олмасини,
Кўзидаги аламу
Дилдаги ноласини.

Аммо субҳи азонда
Дили тўла озорга,
Ҳеч кими йўқ бу кампир
Яна жўнар бозорга...

Хуршид Даврон

@UzTwit