Get Mystery Box with random crypto!

​​Калла суяги ва Lex.uz Олимларнинг айтишича, одамзод ғайрита | UzTwit

​​Калла суяги ва Lex.uz

Олимларнинг айтишича, одамзод ғайритабиий кучлардан қўрққанлиги учун турли маросим ва фетишларни ўйлаб топган. Жонсиз нарсага умид боғлаган. Жонлилардан умид бўлмагач, жонсизига умид боғлайди-да. Денгиз тошмаслиги учун “денгиз худоси”га қурбонлик қилган, ҳосилим яхши унсин деб “ҳосилдорлик худоси”га.

Қадимги Римдагина деманг, ўзимизда ҳам бунақа одатлар бисёр. Савдоим юришсин, деб ари уйини бузиб тутатамиз. Уйимга фалокат келмасин, деб дарвозага тақа қоқамиз, томга кўз расмини чизамиз. Ишим юришсин, ёмонларнинг юзини тескари қилсин, деб мол ё қўйнинг тиржайган калла суягини илиб қўямиз.

Буни қарангки, жонсиз нажоткорлар ҳам замон ва маконга қараб ўзгариб тураркан. Дўконлардан бирига расмдаги матнни илиб қўйишибди. Яна иқтибос муаллифининг расми билан. Гап йўқ. “Прокуратура ва солиқ тизимидагиларнинг ҳаммаси порахўр. Мен буни яхши биламан”, “Тадбиркор – ҳақиқий фидойи инсон”, “Тадбиркор йўлига қарши чиқиш – давлат сиёсатига, Президент сиёсатига, менинг сиёсатимга қарши чиқишдир”. О, бу гаплар тадбиркорга қўй ёғидай ёқишини кўринг. Бу иқтибос тадбиркорни адолатсиз ўлпончидан, нафси ҳакалак отган прокуратурадан асровчи нажоткордир. Энг камида шундай умид қилишади. Бу гаплар мамлакат раҳбари тилидан янгради. Шоҳнинг сўзи – сўзлар шоҳи саналади, ахир. Унга амал қилмоқ керак, бўлмаса жазоингни оласан. Қандингни ур, тадбиркор. Бу ҳам прогресс.

Аммо биргина андишамиз бор. Нормал давлатларда раҳбарнинг сўзи эмас, қонун амал қилади. Қонун бу амалдаги адолатдир. Ўзи жонсиз бўлса-да, кучга кириши билан “тириладиган” нажоткордир. Биз қонунларни ҳурматласак, денгизимиз ҳам тошмайди, ҳосилимизга ҳам барака киради, савдоимиз ҳам юришади, уйимизга фалокат ҳам келмайди, ишимиз ҳамиша ўнгидан келади. Йўқ, алоҳида одам эмас, бутун жамият қонунга бўйсунсагина барака ёғилади. Тадбиркорни ва умуман жамиятни қонун ҳимояласин, тизим функционерлари эркинлиги чегарасини қонунлар белгиласин.Ана шунда ари уяси, калла суяги, тақа, иқтибос каби нарсаларга эҳтиёж қолмайди.

Демак, белгиланган қонун-қоидаларни ўқиб риоя қилишни бошлайлик. Lex.uzни очинг.

@domlajon