2021-12-31 19:25:40
Азиз ҳамюртлар, қадрли партиядошлар, ҳамкасблар, дўстлар!
2022 йилга қадам қўйишимизга оз фурсат қоляпти. Бундай кезларда, одатда, босиб ўтилган йўлга бир назар ташланади.
Албатта, якунланаётган йил Президентимиз бошчилигида Янги Ўзбекистонни барпо этиш, учинчи Ренессанс пойдеворини мустаҳкамлаш йўлида олиб борилаётган ислоҳотларнинг энг муҳим босқичларидан бири сифатида тарихимизда ёрқин из қолдиради.
Эътиборлиси, ЎзЛиДеП ўз дастурий вазифаларидан келиб чиқиб, поёнига етаётган йилда барча соҳаларда кечган янгиланиш жараёнларига ҳамоҳанг иш олиб борди. Яъни, биз жамиятимизнинг барча жабҳаларини эркинлаштириш, парламентаризмни тараққий эттириш, бозор ислоҳотларини чуқурлаштириш, тадбиркорликни ривожлантириш ва бошқа ўнлаб йўналишлар бўйича турли шакллардаги тадбирларни амалга оширдик.
Улар ҳаётга татбиқ қилиниши асносида партиямиз аъзолари бир миллиондан ошгани саъй-ҳаракатларимиз кутилган самараларни келтираётганини англатади.
Ниҳоясига етаётган йилдаги энг катта муваффақиятимиз Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида муносиб иштирок этганимиздир. Ватанимиз келажаги учун улкан аҳамиятга эга мазкур сиёсий жараёнда куч ва имкониятларимиздан самарали фойдаланиб, ўз олдимизга қўйган катта мақсадга эришдик. Электоратимиз, бизга ишонч билдирган ҳамюртларимиз олдида юзимиз ёруғ бўлди.
Албатта, ЎзЛиДеП олиб бораётган ишларни унинг парламент қуйи палатасидаги фракцияси фаолиятидан айрича тасаввур қилиб бўлмайди. Зеро, партиямиз дастурий мақсад ва режаларининг тўла-тўкис рўёбга чиқиши учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратилиши зарур. Шу маънода фракциямиз фаолияти ушбу йилда ғоят сермаҳсул бўлди, дея дадил айта оламиз.
Қўлга киритилган муваффақиятлар ҳақида яна узоқ сўз юритиш мумкин. Лекин Президентимиз ўз чиқишларида бот-бот айтганидек, ютуқларга маҳлиё бўлиб, хотиржамликка берилиш ярамайди. Зеро, келгусида бажаришимиз керак ишлар янада залворлироқ, янада муҳимроқдир.
Хусусан, 2022 йилда ҳозиргидан кўра икки карра кўпроқ ғайрат ва масъулият билан ишлашимиз талаб этилаётир. Чунки Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида белгиланган юксак мақсадларни амалга ошириш, шубҳасиз, ҳар биримиздан қатъиятли ва ташаббускор бўлишни, янгича фикрлаш, янгича ишлашни талаб қилмоқда.
2022 йилда партиямизнинг ҳар бир фаоли ишга янада каттароқ масъулият билан ёндашишига ишонаман.
Партиямиз аъзоларини, хайрихоҳларини яна бир бора яқинлашиб келаётган Янги йил билан табриклайман! 2022 йил барчамизга қут-барака, бахт ва омад олиб келсин! Барча эзгу ниятларимиз амалга ошсин!
@a_xaitov
325 views16:25