2021-08-26 08:00:53
Яхши ҳикоя Кунларнинг бирида ўқитувчи ўқувчиларига қарата, "Эртага ҳамма беш килограм картошка ва уларни солиш учун пластик идиш олиб келсин", – деб айтибди.
Эртаси куни ўқувчилар айтилган нарсаларни олиб келишибди. Муаллим: "Энди барчангиз бугунга қадар сиздан узр сўраган, лекин сиз кечирмаган кишилар исмини биттадан картошкага ўйиб ёзиб, уни идишга солинг", – дебди. Талабалар айтилгандек қилишибди.
Бировни идишига бир-икки дона, баъзиларини тўрвасига эса ярмига қадар картошка тушибди. Яна бошқа ўқувчиларга картошка етмабди. Хуллас, жараён тугагач, устоз ўқувчиларига бу идишларни бир ҳафта давомида ўзларидан айирмай кўтариб юришлари кераклигини тайинлабди. Ухлаганда, юрганда, овқатланганда, меҳмонга борганда, транспортда, кўчада...
Орадан бир ҳафта ўтибди. Муаллим синфга кирар-кирмас, талабалардан шикоят эшита бошлабди:
"Устоз бу оғир юкни ҳар жойда кўтариб юриш қийин, картошкалар сасиб кетди, атрофдагилар ғалати қарашмоқда, биз тўйдик, чарчадик..."
Устоз эса, "Кўрдингизми, биз кечирмаслик туфайли аслида ўзимизга жабр қиляпмиз. Руҳимизни оғир юкларни кўтаришга маҳкум қиляпмиз. Кечиримлиликни олдимиздаги яхшилик деб қабул қилишимиз керак", деб жавоб қилибди.
Ҳақиқатдан ҳам, афв қила билмак аслида энг бошидан ўзимизга қилган яхшилигимиз бўлади.
Зеро кечирайликки, кечирилайлик!
Facebook дан олинди.
215 views05:00