Get Mystery Box with random crypto!

– Недир булар – деб сурайди Одам алайҳиссалом. – Ақл, ҳаё ва д | ERK Demokratik Partiyasi

– Недир булар – деб сурайди Одам алайҳиссалом.
– Ақл, ҳаё ва дин, – дейди Жаброил.
– Ақлни танладим, – деб жавоб беради Одам алайҳиссалом.
Шунда Жаброил алайҳиссалом Ҳаё ва Динга
– Одам ақлни танлади, сизлар кетаверинглар, – деди.
Улар
– Биз Ақл қаерда бўлса, ўша ерда бўлишга амр олдик, – дейишди ва Ақлдан айрилмадилар”.
Қиссадан ҳисса шу-ки, агар Ақл бўлмаса, ҳаё ва ҳатто дин ҳам инсонда узоқ қололмайди.
Ақл шу қадар буюк неъмат. Токи Ақлни инкор этар экан, мусулмонларнинг бирор бир тараққиётга эришмоғи мушкулдир.
Сўзимнинг охирида ўзбеклар севган тинчлик ҳақида бир икки сўз сўйламак истайман.
Биз ўзбеклар мусулмон дунёсининг энг тинчликсевар парчасимиз. Биз тинчликни ҳар нарсадан устун қўямиз. Ҳатто ўз оиламиздан, фарзандларимиздан, ҳатто баъзан номусимиздан ҳам устун қўямиз. Бир тинчликсевар миллат ўларок, золимга “тўхта” демаймиз, ўз хақларимиз учун курашмаймиз, чунки золимдан келадиган балодан қўрқамиз.
Ҳа, бу мақталган тинчликдан роппа роса 8 миллион киши ташқарига қочди, мингларча инсон ўз эътиқоди ва сиёсий қарашлари учун майдонларда, зиндонларда ўлдирилди. Андижонда бир соат ичида 2 мингдан ошиқ намойишчи отиб ташланди. Аммо биз, бу халқ учун курашга бел боғлаган сиёсий мухолифат, ҳеч қачон қўлимизга қурол олмадик. Биз дунё жамоатчилигининг ва Ғарб давлатларининг Ўзбекистонда ҳукм сураётган қақшатгич зулмига “тўхта” дейишини кутдик. Лекин бизнинг дунёмиз қўлида милтиғи борлар билан мулоқот қилади, қуроли бўлса, чумолига ҳам таъзим қилишга тайёр.( Бугун Мирзиёвнинг Толибон билан ошиқ-мошиқ савиясидаги мулоқотига каранг!..1. М.С. )
Ўзбекистон ҳукумати қуролли гуруҳ билан музокарага тайёр, аммо халқ ичида миллионларча тарафдори бўлган бир мухолиф ҳаракатни бир чақага олмайди!...
Бу иккиюзлилик француз шоири Андре Френонинг “Чумоли” номли шеъридаги бир кинояни хотирлатади
“Майсазордаги чумолининг ўлиги нигоҳга ҳам арзимас бир нуқта!..
Ҳа, сен жирканч махлуқ, сени қайноқ сув билан куйдириб юборсайдим!
Аммо сен йирикроқ бўлганингда эди, масалан, юзминг марта йирикроқ бўлсайдинг агар.
Ва яна бир милтиқ бўлса эди қўлингда,
Сени одамлар мутлоқо ҳурмат қилган бўлишарди”
Шундай экан,Мирзиёев режими томонида ташкил қилиниб, халқаро институтлар кузатувида ўтса хам, ҳар қандай мухолифатсиз сайлов бир масхарабозликдан иборат бўлажакдир.
Бу масхарабозликда қатнашмокчи бўлаётган турли давлат ва ташкилотларнинг тамсилчилари бу “умумхалқ овоз бериш” сохтакорлигига шерик бўлажаклар. Бундан ташқари, бугун ўлкада шундай бир аҳвол-ки, овоз бериш ташкил қилинса-да, бизнинг халқимиз сайловга бормайди. Чунки боришдан фойда йўқлигини билишади.Бу ҳукуматга жуда қўл келади. Халкдаги бу сиёсий пассивлик ҳукумат учун бир ҳадядир.
Уинстон Черчилл “Ёмон ҳукумат сайловга бормайдиган яхши одамлар туфайли ҳокимиятга келади” деганди бир пайтлар.
Шу маънода, биз ўзбеклар яхши одамлармиз. Шу қадар яхшимизки, 27 йил бир тоғутни бошимизга тож қилдик, 27 йил давомида у бизни отди, сотди, турмага ташлади, сургун қилди, аммо у ўлганда xудди отамиз ўлгандай юм-юм йиғладик.Биз шунчалар яхшимизки, энди ўша Тоғутнинг шогирди бошимизга ўтираяпти, унга ҳам хушомадлар ёғдиришга бошладик. Яна бир 27 йиллик босқичга тайёрланиб, 27 йилдан кейин яна бир марта йиғлашга ҳозирланаяпмиз!
Биз ана шунақа яхши халқмиз.
Етар, энди бироз ёмон бўл, халқим!
Ўзингни ва фарзандларингни ўйлаш даражасида, уларнинг келажаги учун ҳаракат қилиш даражасида, золимга “золимсан” деб, ундан ўз ҳуқуқларингни талаб этиш даражасида бўл, халқим!..
Ниҳоят, бу ҳаромийлар салтанатини йиқиб, адолатли бир давлат иншо этиш даражасида ёмон бўл!
Муҳаммад Солиҳ
06 November 2016