2024-03-22 12:32:19
Эрнинг хотин зиммасидаги ҳақлари ҳам бор. Аёл киши эрининг ҳақларини билиб, уларни адо қилгандагина солиҳа аёл деган ном олади.
Энг биринчи ва муҳим ҳақ эрига итоаткор бўлишдир. Бугунги кунда энг кўп оилани бузаётган нарса ҳам ана шу ҳақдир. Аёллар тан олмаётган, ҳеч бўйин эггиси келмаётган нарса эрига итоат қилишдир. Аёл киши Аллоҳга гуноҳ-маъсият бўлмайдиган ҳар қандай ишда эрига итоат қилиши керак. Аллоҳга маъсият бўладиган ишда эр тугул, ота-онага ҳам итоат қилинмайди, аслида. Аллоҳга маъсият бўладиган ишда бандага итоат қилинмайди.
Аёл киши оилада ўз ўрнини билмас экан, эрига итоатсиз, ўжар, қайсар бўлар экан, бундай оиланинг давомийлиги ва мустаҳкамлиги ҳақида гап-сўз бўлиши мумкин эмас. Аёл киши эрига гап қайтарса, ҳурматсизлик қилса, бундай оила тагидан емирилган бўлади, эртами-кечми қулаб тушади, Аллоҳ асрасин.
Оилани сақлайдиган нарсанинг биринчиси муҳаббат дейишга шошилманг, биродарлар. Муҳаббатдан ҳам муқаддам нарса борки, бу – ўзаро ишончдир. Ўзаро ишонч бўлсагина муҳаббат бўлади, бўлмаса муҳаббат бўлмайди. Агар эр-хотин бир-бирига ишонмаса, уларни оиласи оила эмас. Бундай оила узоққа бормайди. Бугун мана шу нарса энг муҳим бўлиб турибди. Бугун ҳам, ҳамма вақт ҳам оила ўзаро ишонч устига, садоқат устига, ҳалоллик устига қурилади. Агар оила ёлғон устига қурилса, муттаҳамлик устига қурилса, унинг умри қисқа бўлади.
Имом Табароний ривоят қилган ҳадисда айтилганки, Пайғамбар алайҳиссалом «Аёл киши беш вақт намозини ўқиса, Рамазон рўзасини тутса, фаржини ҳаромдан тийса, эрига итоат қилса, унга жаннатнинг хоҳлаган эшигидан киравер деб айтилади», деганлар.
Бу юксак шараф ҳаммага ҳам берилавермайди. Жаннатнинг саккиз эшиги бўлса, хоҳлагандан кириш ихтиёри намозини ўқиб, рўзасини тутиб, зинодан ўзини сақлаб, эрига итоат қилган мусулмон аёлларга берилар экан. Нақадар улуғ бахт!
Эрга итоат шу даражада бўладики, ҳатто эрнинг рухсатисиз нафл намоз ўқиб бўлмайди, эрнинг рухсатисиз нафл рўза тутиб бўлмайди.
Шунинг учун аёл киши эридан берухсат кўчага чиқиши мумкин эмас. Юқорида айтиб ўтганимиздек, аёл киши эр туфайли ҳурматга сазовор бўлади, эр туфайли кам-кўсти бутланади, эр туфайли аёл оиланинг ҳурматли бекасига айланади, эр туфайли аёл киши ёмон кўзлардан, ёмонлардан муҳофаза қилинади, ҳимояланади. Эри йўқ аёл ҳар қанча яхши аёл бўлмасин, бегоналар, қалбида марази бор кимсалар унга кўз олайтириши, шаҳвоний жиҳатдан умидвор бўлиши мумкин, ҳирс ва тама туфайли унинг кетидан тушиб, тегажоқлик қилиши, гап-сўзлар қилиши мумкин. Аммо эри бор аёлга нисбатан бундай ҳолатлар камдан-кам содир бўлади.
Умуман аёл киши ҳаётдаги барча ютуқлари эри туфайли ҳосил бўлишини унутмаслиги лозим, эри бўлмаса, аёл ҳеч ким бўлмайди.
Шунинг учун ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «Бирор кимсани бирор кимсага сажда қилишга буюрганимда, аёл кишини ўз эрига сажда қилишга буюрар эдим, зеро эрнинг хотин устидаги ҳаққи буюкдир», деб марҳамат қилганлар.
Имом Ҳоким, имом Аҳмад, имом Термизий ва имом Абу Довудлар ривоят қилган.
Устоз Саййид Раҳматуллоҳ Термизий ҳафизаҳуллоҳ ДЎСТЛАРИНГИЗГА ҲАМ УЛАШИНГ!!!
ЭНДИ ШУ БОТИМИЗ ОРҚАЛИ ИСТАЛГАН ДУОЛАРНИ ТОПИШИНГИЗ МУМКИН
@kundalik_duolar_bot обуна буволинг
19.0K views09:32