Get Mystery Box with random crypto!

​​#йўл_бўлсин Муаллиф: Азизахон Исмоилова 92-қисм. | Ummu Zaynab Ummu-Azizaxon Ismoilova ijodi kanali

​​#йўл_бўлсин
Муаллиф: Азизахон Исмоилова

92-қисм.

Қизиғи от-араваси борларнинг бариси шу ерда! Кимлардир отини тортқилаб чойхона зинаси ёнигача бориб олган. Ҳеч ким ҳеч кимни эшитмайди. Шовқин.
"Ҳой, ошна кўзунгизни очиб қаранг-чи: сизга ялғон гапираманми? Худо урсун, агар ялғон гапурсам... Манда битта шу улов бор холос! Қўшга қўшғани бошқа ҳеч нимарсам йўқ! Олсангиз олинг шуни, Худо хайрингизни берсун, фақат туҳмат қилманг... "
"Қанақасига улови бор деб ёзасиз? Ман бутун умр чоракорлик қилган одамман, ахир! Алдаганим йўқ, сўранг одамлардан. Мана, мана бу қўшнум! Сўранг, шундан!"
Лоп этиб хаёлимга тунов куни Тоживой ака айтган гаплар келди. Демак от-улови борларни рўйхатга олиш ҳалиям давом этаётган экан-да!
Гузардан чиқишда бир тўп отлиққа дуч келдим. Назаримда улар ҳам рўйҳатдан ўтишга кетаётган эди. Девор паналаб уларнинг кўздан ғойиб бўлишини бироз кутиб турдим. То ўзимизнинг маҳаллага етиб келгунча бунақа тўхталишлардан кўп бўлди.
Келсам, эшигимиз қия очиқ турган экан. Ҳайрон бўлдим. Ичим шув этиб, юрагим товонимга тушгандек бўлди. Кетаётиб зичлаб ёпганим элас-элас ёдимда!
Остонадан беш-олти одим нарида бир уюм от тезаги ётарди. Бошқа атроф-яқинни кузатиб ўтирмай, отилганча ичкарига кирдим.
Уй мени жуда совуқ қарши олди. Дарров кўзим билан илғадим. Супа олдидаги бир ғарам ғўзапоя қаёққадир ғойиб бўлган. Ўрнида--боғидан тўкилиб тушган беш-олтита чўпча қолган, холос!
Вайрона уйимиздан чиққан ҳарилар ҳам жойида камайгандек. Ўрамнинг устидаги тупроқ ёғин-сочинда нам тортиб кетганидан ўпирилиб тушибди. Бир амаллаб пастга тушишга уриндим. Оралиқдан зўрға битта оёғим сиққудек жой кўринди.
Аммо тушишга уринаётганимда юзаси совуқдан пилта тортган тупроқ бўлак-бўлак бўлиб яна ўпирила бошлади. Шундан кейин пастга тушиш фикримдан қайтдим.
Энди бу ўрани тупроқдан тозалаб олиш икки ҳисса машаққат эди. Тупроқ остида қолиб кетган нарсаларимни бирин-кетин саноқдан ўтказа бошладим.
Бу—Мамашариф аканинг менда қолиб кетган кийимлари, қизим Розийхоннинг кўйлакчаси, дурраси, Обиджоннинг майда-чуйда нарсалари, Азизбек акам бериб кетган сопол балиқчалар, аммамнинг ойнахалтаси...



Эшикни зичлаб ёпаётиб кесаки орасида сарғайиб турган уч буклам қоғоз эътиборимни тортди. Аввалига бу менга рўёдек туюлди.
Шоша-пиша узаниб уни жойидан олдим. Хат!
Ичим иккинчи бор шувиллаб кетди. Шоша-пиша унинг қаватларини очдим. Нам тегиб тахлов жойлари эзғиланибди. Очаётган пайтим бир-бирига ёпишиб қолган жойлари йиртилди. Хаёлимда уни Азизбек акам менга атаб ёзиб, атай шу жойга қўйиб кетгандек эди. Бироқ сатрларга кўз югуртирарканман, адашганимни тушундим.
Нома Ойшабибидан Мамашариф аканинг номига ёзилганди. Кўз олдимга онаси бошқа бўлса-да, кўриниш тарафдан Бўстонбу аммамга бир томчи сувдек ўхшаб кетадиган Офтобхон ойимнинг якка-ю ягона қизининг рафтори келди. Ажабландим.
Ойша биби ўз хатида онаси ўтган ойнинг охирги шанбасида вафот этгани-ю, маълум сабабларга кўра бу ҳақида хабар беролмаганини куюкканча ёзиб ўтганди. Сана бир ярим ой олдинги сана.
Ўйланиб қолдим: Наҳотки, ҳеч нарсадан хабари йўқ. Ахир ҳадемай бир йил бўлади-ку, Мамашариф аканинг сургун бўлиб кетганига...
Йўл устида яна отлиқлар кўринди. Мен эса шоша-пиша хатни буклаб қўйниғимга солдим. Аммо кўздан пана жойга ўтиб олишга аллақачон кечиккан эдим.
-Ҳой, сен! Тўхта... Тўхта, деяпман...
Отлиқлардан бири тўдадан ажраб чиқиб шу томонга шитоб от солди. Мен уни тафтишчи бўлса керак деб ўйладим.
Нима қилсам бўлади? Тўхтайми? Бувайша холаникига уриб кириб кетсам-чи?
Ўша пайт отлиқлар орасидан уни кимдир қўярда-қўймай "ҳой ўртоқ, фалончи! Тўхтанг, бир дақиқа..." деб чақириб қолди. Мен эса апил-тапил ўзимни Бувайша холанинг қия очиқ эшигига урдим.
Отлиқлар ўтиб кетишди. Оралиқдан қараб турдим. Ортимдан ҳовлиқиб из солган чиндан ҳам тафтишчи экан. Уни тўхтатиб қолган эса... Хожимурод...

Давоми бор...

09.06.2023.

@Ummuzaynabummuijodi