Get Mystery Box with random crypto!

#йўл_бўлсин ЙЎЛ БЎЛСИН... Муаллиф:  Азизахон  Исмоилова | Ummu Zaynab Ummu-Azizaxon Ismoilova ijodi kanali

#йўл_бўлсин

ЙЎЛ БЎЛСИН...

Муаллиф:  Азизахон  Исмоилова

90-қисм.

    —Ҳали энангни айирплонларға ўтирғизиб Қўқонға, Қашқарға, Бухоро-ю Самарқандларға олиб борасан, дунёнинг тўрт тарафини кўрсатасан!  "Обиджо-о-он!" дейишса, одамлар "ким экан, бу йигит?" деб у ёқ-бу ёққа аланглаб қарашади. Ризқи улуғ, нони бутун, бўйи хў шифтқача етадиған бир полвонкелбат йигит бўласан, болам...



     Тўтибу хола билан бу таҳлит она бола каби яқин бўлиб кетамиз деб ўйламагандим. Чунки доим одамлардан қочар, иложи борича бировга оғиримни туширмасликка ҳаракат қилардим.
      Ҳеч кимга ҳеч нарса ҳақида сўзлаб беришни истамадим. Биров ҳам сўрай демади. Шунча пайтгача ҳаётимни томошабин сифатида кузатиб келган кимсаларнинг ачинишлари-ю маломатларини фақатгина уларнинг кўзларидан ўқидим...  Шу менга кифоя қилди.
      Аммо бу — қулоғи оғир бўлса-да, ҳар кимни жон қулоғи билан тинглайдиган фаришта кампир юрагимнинг ҳовурини олди. Унинг таскинга монанд гапларини эшитиб хотирам қабатларида сукутга чўмиб турган муқаддас тамсилларим бирин-кетин бўй кўрсатиб кела бошлади.
      Онам ҳақида, отам ҳақида, болалик кўзларимга чўкиб қолган Марғилон... Азизбек акам... Ва яна жуда кўп нарсалар  ҳақида гапирдим.
     —Ўксунма, қизим... Агар боши омон бўлса бир кун жуфтинг билан ҳам, жон-жигаринг билан ҳам юз кўрушасан! Соғ бўлса, келади...
     Кампир бироз тин олди. Кейин қучоғида ухлаб қолган Обиджоннинг патила сочларини меҳр билан силаганча ҳазин овозда гап бошлади:
     —Мениям бир жигарим бўлған! Оти Тўхтасунжон эди. Ер-у кўкка бергусиз, бирам меҳрубон! Ҳалигача овози қулоғим остида жаранглайди. Шовуллаган сувлар шовқини остида ҳали ҳамон овозини эшитаман...
      Етти фарзандни бирин-кетин Эгасиға топшурғач, отам билан энам саккизинчи фарзандиға шу Тўхтасунжон исмини қўйишған экан: “Энди тўхтасун,  ўлмасун, яшасун!” дея!
      Исмда ҳам бир хосият бор экан-да! Қара! Акамдан кейин менам туғулдим.  Мана ҳадемай ёшум саккиз давра қилади. Худо манга шунча умр берди. Бироқ...
     Ўртага зилдек сукунат чўкди. Фақат Тўтибу холанинг қулт-қулт ютинганинигина эшитдим, холос. Бечорага гапириш оғир келди.  Мижжаларидаги ёшни обдон сидириб бўлгач, менга қараб оғир хўрсинди. Ўша он кўзлари тубига чўкиб ётган улкан андуҳнинг бир дафъа юзага қалқиб чиққанини кўрдим.
      —Хон қаздирған Улуғнаҳр ариғи ҳақида эшитқанмисан?  Шу ўзимизнинг Қорадарёдан ирмоқ илған ариқ.  Ариқ десак,  кичкина бир ариқни тушунма!  Дарё мисол чайқалиб оқадирған бир ариқ эди бу Улуғнаҳр...
     Шу ариқ ҳадеб ўзанидан тошиб, суви атрофға уруб кетаверғач, хоннинг буйруғига кўра Тўхтасунжон отлиқ ким-ки бор, ҳаммасини йиғиб Сарижўга сари олиб кетишди. Акам ҳам шулар ичида кетди.
      Шу Тўхтасунжонлар ҳақинда ҳалигача узун-қулоқ гаплар юради. Қайси бириға ишонишни билмайман.
      Хола яна тин олди. Мен эса ҳеч нарсага тушунмаганим учун каловланиб қолдим.  Назаримда Тўтибу хола ўзи билмаган ҳолда ҳамма нарсани аралаш-қуралаш тарзда гапираётгандек эди.
     —Қанақа гаплар юрарди? Уларни нима қилишған?
     Кампир гапимни уқмагани учун юзимга ажабланиб қаради.  Ёнига яқинроқ сурилиб ўтирдим ва саволимни баландроқ оҳангда икки-уч дафъа қайтардим:
     —Ўша Тўхтасунжонларни нима қилишған, хола? Не мақсадда олиб кетишған?
     —Ҳа, уларними? Уларни устма-уст қўйуб тириклайин кўмишған... Сув тўхташи учун! Тўхтаб, ўз ўзанида жимгина оқиши учун... Бирав — кўприк остиға қўмишған дейди, бирав эса — ўша сув уруб ётған ўзан четиға...
     Ҳамма ҳар хил гапни айтади. Сув-ку ўзанидан тошишни тўхтатгандир, аммо жигаридан айрилғанларнинг кўз ёши тўхтадими?!
      Мендайлар қанча?! Ҳалигача акамни кутаман. Ҳалигача ўзумни овутиб яшайман. Парвардигор умримни узун қилиб қўйғанининг ҳам ҳудди бир ҳикмати бордек.
     Ҳа, кўп нарсани кўрдим. Кўрмағаним шу битта-- якка-ю ягона жигаримнинг дийдори қолди!
      Ҳалигача кўзим очиқ! Демакким, кўришим керак бўлған яна нимадир бор... 
Илойим,  сен мендек кутма,  йўлға қарасанг йўл кўзунгни тешаркан...

Давоми бор.

@Ummuzaynabummuijodi