Get Mystery Box with random crypto!

​​#ижод. НОМСИЗ ДАРД Муаллиф: Азизахон Исмоилова ҳикоя. | Ummu Zaynab Ummu-Azizaxon Ismoilova ijodi kanali

​​#ижод.

НОМСИЗ ДАРД

Муаллиф: Азизахон Исмоилова

ҳикоя.

2-қисм

"Бу ўша сиз айтаётган Умму бирнарса деган аёлми?

"Ҳа, ҳа ўша..."

Кетар чоғимиз у қўлимизга дугонаси жўнатган совғалардан улашди.

"Олдин совет даврида опам Германиядаги битта ўзи тенги қиздан посылка олган. Тавба, дўстлашиш ўша пайтларда ҳам бўлган экан-да!"

"Ҳа, олдин шунақа бўлганда вертуал дўстлашувлар! Ҳамма бир-бирига хат ёзган... "

"Энди Шодияхонга манам нимадир жўнатворишим керак. Умид ака "яхшилаб ўйланг, у аёлга нима ёқишини биласизми, ўзи? Бўлмаса сўраб-суриштиринг" деяптилар. Ўйлани-и-иб турибман, нима жўнатсам экан деб... Бу кишим сафарга кетиб қолгунларича шуни ҳал қилиб олишим керак, кейин уйдан чиқолмайман."

"Қаерга кетяптилар?"

"Дубайга!"

"Бориб-келавериб Дубайлик бўлиб кеттилар-ей, эриз!"

"Айтманг!"

Бир йил давомида мен кечмишини ёзаётган аёл билан ўша Шодияхон ўртасида ажиб бир дўстлик ҳикоялари давом этди. Кейин...

Кейин аёлнинг онаси оламдан ўтди. Таъзияга бордик. Таъзияга борганимизда аёлнинг сочлари негадир кумуш оқариб кетганди, кўзлари эса жуда мотамсаро эди.

"Шодия дугонангиз ҳам таъзияга келиб кетгандир?" деб сўрадим.

Бўшашиб "ҳа, келиб кетди!" деди. Бу сафар дугонаси ҳақида аёлнинг тўлиб тошиб гапирмаётганини-мен шунчаки аза кайфиятига йўйдим.

Кейин кимдандир эшитиб қолдим. Сочларнинг бир кунда кумуш тортиб қолиши анча олдинроқ содир бўлган экан. "Онаси оламдан ўтмасидан олдин ҳам у жуда тушкун аҳволда эди!" дейишди менга.

Янги уйга чиққандим. Ташвишим ўзимга етгунча эди. Бир муддат ундан хабар олмаганимни ва ана ўша ўзим билан ўзим бўлиб қолган вақт оралиғида мен биламаган жуда кўп ишлар бўлиб ўтганини тушундим.

Кейинчалик маълум бўлишича, Шодияхон шунчаки тасодифан бу аёлга дугона сайланиб қолмаган экан. Аввал бошқа бир инсон билан бу аёлнинг интернетда танишуви юз берган, кўнгил-кўнгиллардан сув ичган, минг иккиланишлар билан никоҳ ақди тузилган ва кунлардан бир кун шунча йил севимли эр бўлиб яшаб келган инсоннинг хаёлига- кундошларни ажойиб тарзда бир-бири билан таништириб қўйиш ғояси келган...

Ғоя одноклассники (бу тармоқ ўша пайтлар машҳур эди) сайтида аёлига янги профил очиб бериш ва уни кимлар биландир дўст қилиш орқали амалга ошган.

Натижада аёл ўз кундошига жуда узоқ вақт дугона сифатида қараб у ташлаган илмоқдор саволларга жавоб бериш орқали унга ўз сирларини айтиб келган...

Азиз ўқувчим, орангизда бу ҳикояни ўқиб турган эркаклар балки бу ҳолатга жуда оддий қарагандир? Балки орангиздаги баъзи бир аёллар бу аёлнинг сочи бир кечада нега оқариб кетганини тушунмагандир ҳам...

Балки "кимдир эр бермоқ жон бермоқ" мақолини эслагандир...

Йўқ, масала бундай эмас!

Бир туякашнинг жуда севимли бир туяси бор экан. Туякаш у билан кичик-кичик карвонлар тузиб жуда кўп жойларга борган экан. Туянинг ажали етибди. Туякаш туясининг бошида ўтириб ундан рози ризочилик сўрабди.

"Сени баъзан оч қолдирдим. Сени баъзан сувга етинтиролмай қийнадим. Сени баъзан саваладим. Баъзан бўғзингдан арқон солиб судрадим. Эй туям, мендан рози бўл!"

Туя жавоб берибди:

"Оч қолдирганингда, сувсиз қолдирганингда, бўйнимдан арқон солиб судраганингда сени ҳожам сифатида тушунганман. Аммо битта жойда ҳамиятимга тегадиган иш қилгансан! Бўйинтуруғимни бир тиррақи эшакнинг думига боғлаб қўйиб мени масҳара қилгансан. Шуни кечиролмайман, холос!"

Ройиш аёлнинг сабр ҳадлари кенг. Оч қолдирсангиз, "битта пиёзни икки кунга етказасан!" деб айтсангиз, бажаради. Тўрт девор ичига қамаб кетсангиз, кўнади. "Ўнта туғиб бер!" десангиз, туғади. "Устингга кундош олдим!" десангиз ҳам кўниши мумкин.

Юзини сал четга ўгиради-да қўрғонини яна мустаҳкамлашга тушади. Чунки эр бўлмаса, бола бор. Газ бўлмаса ўчоқ.

Аммо қўйнига жосус тиқиб устидан кулсангиз кўнмаса керак.

Қайдам...


Азизахон Исмоилова

10.05.2023.


@Ummuzaynabummuijodi