Get Mystery Box with random crypto!

​​#йўл_бўлсин. Муаллиф: Азизахон Исмоилова 77-қисм   | Ummu Zaynab Ummu-Azizaxon Ismoilova ijodi kanali

​​#йўл_бўлсин.

Муаллиф: Азизахон Исмоилова

77-қисм  

Тафтишчи зардалаганнамо супа тарафга қараб юрди. Ҳижолатли бир алфозда ерга қарадим:
   "Ўлсин... Биронтасидан сўраш хаёлимга келмаганини-чи? Уялдимми, тортиндимми, билмайман. Қизиқ, ўша “қизил чойхона” дегани қаерда экан-а? Гузар тарафдами ёки... ”
    Хаёл-хотиримга биринчи бўлиб ҳалиги нотиқ ваъз ўқиган жой келди. Кейин Мамашариф аканинг қачондир ўша тарафда "фаоллар йиғилиши ўтказилди" деган гапларини эсладим. Демак... қизил чойхона гузар тарафда...
     Ўзим билан ўзим бўлиб супа тарафда ивирсиб юрган тафтишчининг вайрона уй томонга қараб ўтганини сезмай қолибман. Ногоҳ кўзим тушган лаҳзада у этигининг учи билан ўра устига ташлаб қўйган бўйрани секингина қайириб кўраётган эди. Ҳудди биров устимдан совуқ сув қуйиб юборгандек турган жойимда тошдек қотиб қолдим.
    —Ҳмм... Ҳали шу ерда жон сақлаяпмиз дегин... Ўҳ-ҳў...
     Юрагим бесаранжом уриб оёқ-қўлим енгил титрашга тушди. Тинмай бўйнимдан қучоқлаб,  чимматимни ҳар томонга силтаб кўраётган қизимга ҳам қараётганим йўқ. Ҳудди тик туриб ўлгандайман.
     —Ўрани ким қазиди?  Ўзингми?!  Ё кимдир ёрдам бердими-а?!
Қулт этиб ютиндим. Бўғзимда тугундек турган нарса ичимга кетди. Қанийди, ўшанда айрилмасак... Ҳаммамизни битта қилиб сургун қилишганда... Дунёнинг у бурчига кетмасмидим, бу ерларда бир ўзим сўққабош юргандан кўра... Бошим устида ким қолди? Ҳеч ким... Акам ҳам бадар кетди...
Савол иккинчи марта янгради. Бошимни кўтариб тафтишчига қарадим-у унинг масҳаромуз тиржайиб турганини кўриб бирдан кўзимдаги ёш ҳам захкаш остига сизиб қайтган сувдек тортилиб ғойиб бўлди. Ичимдаги қўрқув ўрнини бир лаҳзада мислсиз нафрат эгаллаганини ҳис қилдим.
     —Ҳеч ким ёрдам бергани йўқ,  ўзим қазидим... Ҳа, шу ерда жон сақлаяпмиз...
    У этигининг учи билан ўра оғзига тупроқ чертаркан, ҳудди бир нарса нашъа қилгандек пихиллаб кулди. Сўнг намойишкорона юриб келиб Обиджоннинг рўпарасида тўхтади.
—Қани, бери кел-чи суқатой! Исминг нимайди?
Ўғлим унинг ёнига боришдан қўрқиб маҳкам этагимга ёпишди. Шопмўйлов ўзгача бир ғайрат билан қўлини чўзиб боламни пешимдан ажратиб олди.
—Нега қўрқасан? Нима, ман отангға ўхшаған босмачи, каллакесармидим, қўрқасан?! Гаплашамиз, деяпман. Сўрайдирған бир-икки оғзим гапим бор...
Титраб қақшаганча олдинга узандим:
—Болани қийнаманг!
Талпинганимни кўриб у Обиджонни янаям қаттиқроқ ўзига тортди ва қўли билан атрофида қафас ясаб афтига масҳаромуз илжайганча бир нималарни гапира кетди:
—Отанг уйни ёқиб чакки қилди-а, суқатой? Нима дейсан? Ямон иш қилди отанг! Унақа отани нима қилиш керак биласанми? Пешонасидан отиш керак...
Болам жавдираганча менга қаради. Йиғлаб юбормаслик учун иягини маҳкам қимтиб турган ўғлимга қараб ўзимни тутиб туролмадим. Йиғлаб юбордим.
—“Ҳа, ямон иш қилди, бизни мутлоқ ўйламади” десанг-чи?! Ё айтолмайсанми?
Обиджон ҳам баралла йиғлашга тушди. Мазаҳчи қўйиб юборган боламни апил-тапил қучоғимга олдим. “Бўлди болам, йиғлама! Уят бўлади... Ахир ўғил боласан-ку...”
Уни овутяпман-у ўзим йиғлаяпман. Ғалати, оққанда ҳам юзни ўйиб оқадиган кўз ёш ёноқларимни ачитиб пастга қуйилди.
—Бўлди, йиғи-сиғини бас қил ҳамманг!
Маҳкам болаларимни бағримга босдим. Бироз сукутдан сўнг у жиддий қиёфага кириб гапини давом эттирди:
—Гапни эшит: Эртадан тўғри Мирзакаримбойнинг даласиға борасан. Қўшчи фаолларидан Умматали ўша ерда. Бугундан чопиққа тушишди. Иш кўп, далани шўра билан қоракурмак босиб ётибди, ер қатқалон, ишчи кучи етишмаяпти.
Энди... Бунгача давом этиб келған танбал, беҳаракат турмуш тарзида яшашлик йўқ! Ҳар ким бу ёғига сидқидилдан меҳнат қилади. Аста-секин ёлқовлик қилиб уйда ўтиришликка ҳам чек қўямиз...
Бир тарафимда Обиджон, бир тарафимда эримдан қолган яна бир омонатим Розийхон...
"Хўп, тушундим!" дегандек орадан туриб бошимни лиқиллатдим. Тафтишчи супага ташлаб қўйган папкасини бориб олди ва шундоққина ёнимиздан ҳудди бир нарсани қойил қилгандай намойишкорона юриб ўтиб кетди.

Давоми бор.

@Ummuzaynabummuijodi