Get Mystery Box with random crypto!

#йўл_бўлсин. Янги асар: ЙЎЛ БЎЛСИН... Муаллиф:  Азизахон | Ummu Zaynab Ummu-Azizaxon Ismoilova ijodi kanali

#йўл_бўлсин.

Янги асар:

ЙЎЛ БЎЛСИН...

Муаллиф:  Азизахон  Исмоилова

76-қисм.


  
     Кимдир зулфинни секингина қоқди.  Уйғоқ эдим.  Бориб очдим. Қарасам, Саодат отин:   
    "Ичкарига кирмайман,  шуни олиб қолинг қизим!"  дея шивирлаб гапирди.
     Оралиқдан узатилган тугунни оларканман қўлим кампирнинг совуқдан тараша қотган бармоқларига тегди.  Муттаъсир бир ҳолатда эдим.  На раҳмат айтишга, на хол сўрашга фурсатим етди.
     Ҳавотир билан ҳар томонга аланглаганча уйим остонасидан тез-тез юриб узоқлашиб кетаётган Саодат отиннинг орқасидан нима дейишни билмай сас-садосиз қараб қолдим. Биздек ожиз бандаларини шу аҳволда ҳам ўз холига ташлаб қўймаган пок Парвардигорнинг яна бир меҳрибончилигидан кўзим ёшлангандек бўлди.
     Тугун ичида кичик бичимдаги иккита эркаклар тўни ва таҳлов орасига яширилган ярим халтача талқон бор экан. Ўтириб кўзимда ёш билан Саодатхон отиннинг ҳақига дуо қилдим...
     Тонг ёришар-ёришмас болаларим билан эски Ражаббойнинг даласига қараб йўл олдик. Уйқусираб алкаш-чалкаш оёғ босаётган ўғлим ярим йўлга етганимизда бирдан хушёр тортди:
     “Эна, отамни олдиға кетяпмизми?  Эна-а...  Нимага индамайсиз? Ўша ёққа кетяпмиз-а?”
      Қўлимда бола, тез юрганим сари ҳарсиллаб, нафасим бўғзимга тиқила бошлади. Маҳаллалар тугашига чимматимни кўтариб юзимни очдим. Розийхон қизим дарров бўйнимдан қучоқлаб, елкамга бошини қўйди. У ҳам ҳудди акаси каби “отамнинг ёнига кетяпмиз экан” деб ўзича хурсанд. 
      Болаларимга тиш ёриб ҳеч нарса деёлмадим.  Нима дей?!  “Отанг далада эмас, у биздан олис-олисда! Агар Худо раҳмимизни еган бўлса,  у тирик...  Ва соғ-омон..." дейми?!  "Биз ҳозир унинг ёнига эмас, далага-ишлагани, дўст-душманнинг олдида юзимизни ёруғ қилгани кетяпмиз!” деб айтишга, ичига энди ёруғлик кира бошлаган боламни яна ноумид аҳволга солишга тилим борармиди?!
     Яккам-дуккам тутқаторлар зичлашиб, бирин-кетин эски мулкдорларнинг ҳозирда чоракорларга бўлиб берилган узуқ-юлуқ далалари бошланди. 
     Кўз узмай қараб кетяпман: тонг-саҳар бўлишига қарамай, далада иш қизғин, эгатларга бир хилда пахта экилган. Сувчилар у марзадан-бу марзага шоҳ ташлаб юрибди.
    —Эна-а, отам якка ўзимикан у ерда? Сўрадингизми? Борсак ҳалиги одамлар бизни ушлаб олишмайдими? Ушлаб олса кейин нима қилади? Қамаб қўядими?!
     Обиджонга қарадим. Болам шўрлик жавдираганча кўзимга тикилиб турибди. Ичи тўла ҳавотир...
     Қотиб қолган даҳанимни аранг қимирлатиб уни овутган киши бўлдим. 
     —Йўқ, ўғлим қамаб қўйишмайди. Юрақол, тезроқ...
     Ражаббойнинг даласида сувчилар ғўзага сув тарашаётган экан. Ҳамма ёқ қарч-қарч лой. Пича эгат бошида нима қилишимизни билмай ўсал бўлганча қотиб турдик, сўнг "фаоллардан биронтасини учратиб қолармиканмиз?" деган ўйда кейинги дала томонга қараб ошиқдик.
     У ерда ҳам аҳвол шу! Далада сувчилардан бошқа ҳеч ким йўқ. Тарвузим қўлтиғимдан тушиб бўшашганча ортга қайтдим. Болаларим ҳайрон!  Ортимдан эргашиб келаётган ўғлим салдан кейин яна оғзи-оғзи тегмай чулдирашга тушди:
      —Эна-а, отамни ман ҳув аёғда кўрдим, сизам кўрдизми? Юринг, ўша ёққа борайлик!
      Унинг умидворларча нигоҳига дош беролмай оёқ-қўлим бўшашиб кетди.  Кўзимдаги ёшни секингина енгим учига артиб жилмайганча ўғлимга юзландим. 
     —Юр, Обиджон кетдик! Юрақол, болам... Отанг бу ерда йўқ экан...



     Тафтишчининг ўқрайганча тикилиб туришидан даставвал ўзимни йўқотиб қўйдим. Нима дейишга ҳайронман.  Саволнинг кетидан савол...
    —Хў-ў-ш...
    —Далаға бордим. Эски Ражаббойнинг даласиға...
    —Қайси кун?! Қайси пайт?
    —Тунов куни... Азонда...
    —Кейин-чи?!
    —Борииб... Фаоллардан у ерда ҳеч кимни тополмадик...
   —Ражаббойнинг еридами?!
   —Ҳа-а....
   —Ҳеҳ, фаоллар Ражаббойнинг даласида нима қилади?! Ҳа, буу-у... Қизил чойхонаға бормадингми?
   —Қиз...зил чойхонаға?!
   —Ҳа! Қизил чойхонаға... Фаолларни бариси ўша ерда-ку!
   —Билмабман-да... Соддалигим қурсин...
   —Э, “соддалигим қурсин”миш...

Давоми бор...

@Ummuzaynabummuijodi