Get Mystery Box with random crypto!

​​#нимадир. Ummu Zaynab ни қандай тасаввур қиласиз?! Учраш | Ummu Zaynab Ummu-Azizaxon Ismoilova ijodi kanali

​​#нимадир.

Ummu Zaynab ни қандай тасаввур қиласиз?!

Учрашгач, у тасаввурингиздан мутлақо бошқача эканлигини кўрсангиз, кейин, нима фикрингиз ўзгариб қоладими?

Мен тақвони узун қора кийим ва юзга тақилган ниқобда деб билмайман. Либос тақвонинг кичик бир бўлаги холос. Бу худди қуёш жилваси томчида акс этишига ўхшаш ҳодисадир.

Тақво озгина илмга кибрланмасликда, ҳалол-ҳаромнинг фарқига етишда, бандасидан эмас Аллоҳдан қўрқиб яшашда, дил оғритмасликда, Ҳақ таоло қалбини кўпроқ биладиган инсонлар борасида ўзи билмай туриб шубҳа гумонга бормаслик ва яна кўп нарсаларда деб ўйлайман.

Тўғри, охирги икки йил рўмолимнинг пешини қайириб, юзимни ниқоб билан тўсгандек юрдим аммо бу чангга аллергиям кучайиб кетгани ва коронавирус туфайли эди десам, муболаға ишлатмаган бўламан.

Мен кўчада ҳамманинг эътиборини тортиб нинза бўлиб юришдан кўра уйда ўтиришни маъқул кўрадиган аёллар тоифасига кираман.

Афсуски, ҳозир юзига ниқобни қўндириб кўзи олма кесак тераётганлар жамиятимизда кўпайиб кетди.

Яхши эслайман, бир куни кимгадир китоб бериш учун уйим ёнидаги учрашув жойига чиқдим. Машинада бир тўда қора кийинган аёллар бор эди ва улар фақатгина кўзи кўриниб турадиган кичкинагина тешикдан менга боқиб, энса қотирганча анграйиб қолишди.

Ҳеч ким саломимга алик олмади, ҳеч ким ҳол аҳвол сўраганиям йўқ. Улар ўзларини шайтонга йўлиққан фариштадек тутиб, буткул тилдан қолишди, тамом...

Китобни бериб изимга қайтдим...

Ҳа, мен оддийгина кенг кўйлак ва рўмолни жағимдан ўраб аҳён-аҳёнда ўғлимни ёнимга олиб кўчага бир чиқиб келадиган, асосий вақтини оилада, ошхонада ёки қироатхонада ўтказадиган муслимаман. Тақвони кийимда қотириб қўяётганим йўқ ва шу пайтгача эгаллаган билимларимни бировдан ўзимни устун кўриш мақсадида ўрганмаганман.

Яқинда бир ўзим тақволи деб тушунган одамнинг бир номардларча тутган ишидан лол қолдим. Инсон шунча илм билан ҳалол-ҳаромнинг фарқига етмаслиги мумкинми? Лафзидан қайтиши мумкинми?

Тўғри ким учундир пул ширин, лекин шундай вазиятлар бўлади-ки, агар сен муслим бўлсанг пулнинг юзига қарамайсан.

Бир мўмин мусулмон биродарингга зарар етказдингми, ҳалолини ҳаромга чиқардингми, уни қийин вазиятга солдингми, у бечора ўша вазиятдан сенга гард юқтирмай, ҳамма оғирчиликни ўз зиммасига олиб чиқдими, маломатларга бир ўзи туриб бердими, нега сен унинг ҳалол ҳаққини беришдан бош тортасан?

Ичимдагиларни тўкиб узун бир хат ёздим ва ўша одамни тамоман ўзимдан блокладим. Инсон Қуръон ўқиши мумкин, ҳажга бориши мумкин, сиртдан мўмин ролини ўйнаши мумкин, ўзидан тақволи муслим ясаб кўрсатиши мумкин, аммо амали юзаки бўлса, ичидан Аллоҳни танимаса у чин мусулмон сифатида эмас.

Домла Ҳиндистоний ҳақида Ёрқинжон қори бир воқеани айтиб бергандилар. Ялангаёқ ҳолда илм талабида юрган Ҳиндистоний Бухоролик бир бой ўғлининг кавушини ўғирлайди. Ота-бола бойлар кавушини одамлар салла иладиган жойга осиб қўйишаркан, биров ўғирлаб кетмаслиги учун. Уни ўғирлашдан олдин толиби илм кечаси билан ўйлаб ўтириб ўзига ўзи фатво чиқариб олади:

"У бой! Яна қавуш сотиб олаверади, аммо менда пул йўқ!"

Кавушни кийиб Бухоро орқали Афғонистон, ундан нари Ҳиндистонга йўл олган толиби илм кейинчалик катта олим бўлиб етишади. Аммо бир умр ўғирлаб олган кавуши виждонини қийнайди.

"Зиммамдаги ҳамма ҳақни ўтадим. Битта шу кавушнинг ҳаққи қолди. Билмадим, унинг эгасини яна учратаманми, йўқми?" дейди.

Иттифоқо бир куни Қобул бозорида бир тиланчини кўриб қолади. Кўзига иссиқ кўриниб борса, ўша бойнинг ўғли. Дарров унга уст бош сарпо сотиб олиб бериб, қорнини тўқлайди, қўлига пул беради ва ўғирланган кавуш воқеасини айтиб беради.

"Ҳа, биз унда бой эдик, толиби илмлар ёнимизда ялангоёқ юрса, кеккайиб бурнимиз осмонда юрарди. Демак, бу кавушни бежиз ўғирламаган экансиз, Аллоҳ менга бир дарс бераман деган экан!" дейди тиланчига айланган бойнинг ўғли...

Ҳалол ва ҳаромни тушунган одам бўлсангиз, Аллоҳ шунақа ҳикматларни сизга англатади-ки, ўзингиз ҳайрон қоласиз. Тушунмасангиз яшайверасиз...

Тақво сиз учун кийимда...
Тақво сиз учун соқолда...

Ummu Zaynab Ummu


@Ummuzaynabummuijodi