Get Mystery Box with random crypto!

#тавбаи_насуҳ Муаллиф: Ummu Zaynab Ummu 222-қисм.     Иёз қу | Ummu Zaynab Ummu-Azizaxon Ismoilova ijodi kanali

#тавбаи_насуҳ
Муаллиф: Ummu Zaynab Ummu
222-қисм.

    Иёз қулт этиб ютинди:
"Ҳа, Қисмат Суҳробга ҳам ҳисобни тенглаштириш учун имкон берган... Аммо у менга ўхшаган аблаҳ эмаслигини кўрсатди!"
     Ойиси билан энди бу аҳволда чойлашиб ўтиролмасди.  Ранги гезаргандек бўлиб,  юзига секин фотиҳа тортди-ю, ўрнидан қўзғолди.
     —Ие,  чой ичмайсанми?  Гаплашиб ўтирардик... Ҳа,  майли!  Табассум чойни ичкарига киритиб берар...
     Буни қара-я, гапга тушиб кетиб дастурхонга “омийн” қилишниям унутибман!  
      Илоҳим, ўтганларнинг охирати обод бўлсин, тирикларга тўзим берсин, бало-офатлардан ўзи асрасин...



     “Сарвиноз...
      Эсингдами, “сени энди ҳеч қачон безовта қилмайман!”, дегандим...
     “Худодан сўра-ки, яна қайтиб юзлашмайлик!” дегандим...
      Нега яна юзлашяпмиз, сен бу ҳақида нимадир биласанми?! Мен билмайман...
     Англаганим шуки, яна  қаршимдан чиқяпсан!  Кўргуликларимиздан биз кўрмаган яна нима қолди? Битадими ҳеч, бу эски ҳикоя?! Нима деб ўйлайсан?
    Ҳозирданоқ сен билан учрашишни ўйласам, юрагим орқага тортиб кетяпти. Бу сафар сени қай ҳолатда кўраман, Сарвиноз?
    Кўнглим сезяпти, яна виждонимни қийнайдигандексан...
    Сени бахтсиз этганимга пушаймонман! Қани, ўшанда қаршингдан чиқмасайдим... Менга рўпара келмасайдинг... Бир-биримизни умуман танимасайдик...
Афсус!
     Ёшлигимда бир китобда қақнус қуши ҳақида ўқигандим. Негадир ҳар сафар сени ўйласам шу ҳикоя ёдимга тушади. Мен ўзимни ана шу қақнус қушига ўхшатаман, Сарвиноз... Сенам баъзан унга ўхшаб кетасан. Қайси биримиз кўпроқ ўхшашимизни эса билмайман...
     Айтишларича, бу қушнинг жуфти бўлмасмиш... Жуфти бўлмагандан кейин табиийки, ортидан қоладиган биронта издошиям бўлмайди...
      Ҳа, биз ўз тасаввуримиздан келиб чиқиб шундай ўйлаймиз... Аммо қақнусда ҳаммаси тамомила бошқача!
     Ўша китобда ёзилишича, у минг йил умр кўрадиган ягона қуш экан!
    Узун тумшуғида юзга яқин тешик бўлиб у ана шу тешикларнинг ҳар биридан — бир-бирига ўхшамаган ўзгача оҳанг ва нолалар чиқариб куйлай оларкан.
      "Унинг нолишига жамиики парранда-ю, дарранда, ҳатто сувдаги балиқлар ҳам жим бўлиб қулоқ солади!" дейишади.
     Яна айтишларича: мусиқа илми — қақнуснинг ана шу хонишларига кўра яратилганмиш. Бу гап — ростми ёки ёлғон, билмайман...
     Мени ўйга толдирган нарса — қақнуснинг хонишлари ичида қувноқ оханглиси борми ёки йўқ? Агар йўқ бўлса, демак у ҳам худди бизга ўхшаб яшабди, Сарвиноз...
     Ҳа, сенинг куйлайдиганинг маҳзун қўшиқлар... Охиргиси ёдимда! Ўлим ҳақида куйлагандинг. Дарҳақиқат дунёда ўлим битта! Қолганлари эса ундан қолишмайдиган хўрликлардир! Сенда унақа ўлимлар кўп бўлди. Бошқа ўлим ҳақида куйлама, эшитяпсанми... Куйлама, Сарвиноз!
     Айтишларича, қақнус ўлими яқинлашаётганини олдиндан сезармиш...
    Кўнглига ғулғула тушиб, атрофига кўп-кўп ўтин йиғаркан у!
     Сўнг ўтинлар орасига кириб, охирги куйи, охирги хонишини бошларкан. Шунчалар бўзлаб, нола чекаркан-ки, унинг дили қон бўлиб куйлаётган бу хонишига қушлар ва ҳайвонлар келиб, атрофига давра қураркан. Сарвиноз,  бахтсизнинг томошабини кўп бўлади.  Мен аҳмоқ эса сенинг бахтсизлигингни томоша қилишга буюрилган ягона бахтиқароман!
    Минг йил яшаб юз хил нола, юз хил куй! Ким билсин, балки у юз биттадир...
     Ахир дунёда фиғон кўп-ку! Қақнус қайси бирини куйласин? Ахир дунёда ёлғон кўп... Азоб кўп, хўрлик кўп... У қанотларини бир-бирига чарҳлаб ура бошлаганда атрофга учқунлар сачраб, вужуди олов ичида қоларкан. Ҳамманинг кўз ўнгида гуриллаб ёнаркан у!
     Сўнг куллар ичида кичкина бир чўғ қоларкан ва у дунёга келган тамомила янги бир қақнус бўларкан, Сарвиноз!
      Ҳа, хар кимнинг жаҳаннами унинг ўз ичида.... Ва унинг номи виждондир!
     Бу оташ аллақачон сени куйдириб кул қилди, мен эса ҳали унинг чўғларини босмадим.  Ёки босдимми? 
     Фарқимиз шуки, биз қақнус каби олов ичида қайтадан туғилмаймиз... Покланиб, ундан гуноҳлардан фориғ ҳолда чиқа олмаймиз! 
      Ёки чиқа оламизми?
      Мени кечир! Сени виждон деб аталмиш жаҳаннам оташига отганим учун... Ёққаним учун, кечир мени Сарвиноз...”

(Давоми бор)

@Ummuzaynabummuijodi