Get Mystery Box with random crypto!

#ислом_тарихи БАДР ЖАНГИ (ҳижрий 2 йил, 17 Рамазон; милодий 6 | Ummat.uz

#ислом_тарихи

БАДР ЖАНГИ
(ҳижрий 2 йил, 17 Рамазон; милодий 624 йил, март)

Албатта, бир кун келиб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг саҳобалари билан Қурайш ўртасида тўқнашув бўлиши тайин эди, чунки Қурайшнинг бутларига, уларнинг обрўсига таҳдид солиш юз берган ва бунинг сабабидан уларнинг ўсиб бораётган тижорати пасайиб кетиши эҳтимоли бор эди. Улар Макка ва Шом орасида тижорат қилишарди. Ушбу тижорат ҳам таҳдид остида қолган эди.

Кичик бир ҳодиса ушбу тўқнашувнинг бошланишига сабаб бўлди. Абу Суфённинг карвони Шомдан қайтди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муҳожир ва ансорлардан иборат 313-317 киши билан уларни тўсиш учун чиқдилар. Буни сезган Абу Суфён қурайшликларни ўз карвонларини қутқариб қолишга чақирди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу хабарни эшитганларидан сўнг саҳобалар билан маслаҳат қилдилар. Муҳожирлар яхши сўзларни гапиришди, ансорлар эса уларга ёрдам беражакларини билдиришди.

Саъд ибн Муоз розияллоҳу анҳу: «Бизни қаёққа бошласангиз, шу ёққа юринг. Аллоҳ таолога қасамки, агар биз билан бирга денгизга шўнғийдиган бўлсангиз, бирга шўнғиймиз», дедилар. У кишидан бошқалар ҳам шунга ўхшаш гапларни айтишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юзлари ёришиб кетди. Улар йўлга чиқишди.

Абу Суфён карвоннинг йўлини ўзгартириб, ўтиб кетди. Лекин Абу Жаҳл барибир урушга чиқишга қаттиқ қасд қилди. У 950 нафар мушрик билан келиб, Бадрда лашкаргоҳ қурди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Роббларига нусрат сўраб дуо қилдилар. Ҳис-ҳаяжонга тўла тазарру ила ёлвордилар. Ўша вақтда қилган дуоларининг ичида «Аллоҳим, менга берган ваъдангни Ўзинг рўёбга чиқаргин. Аллоҳим, мен ваъдангдан умидворман. Аллоҳим, агар ушбу гуруҳ ҳалок бўладиган бўлса, Сенга ер юзида ибодат қиладиган ҳеч ким қолмайди», деган дуолари ҳам бор эди.
Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасида марҳамат қилади:

«Ҳа (кифоя қилади)! Агар сабр ва тақво қилсангиз, улар шу пайт келиб қолсалар ҳам, Роббингиз сизга белгили беш минг фаришта ила мадад беради» (125-оят).

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Бадр куни фаришталарнинг белгиси оқ салла бўлиб, пешини орқаларига тушириб олишган экан.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларини сабр қилишга, собит туришга чақирдилар.

"Ислом тарихи" китобидан

Telegram | YouTube