Get Mystery Box with random crypto!

#оят «Батаҳқиқ, Аллоҳ «Албатта, Аллоҳ камбағал, биз эса бойми | Ummat.uz

#оят

«Батаҳқиқ, Аллоҳ «Албатта, Аллоҳ камбағал, биз эса боймиз», деганларнинг гапини эшитди. Айтганларини ва расулларни ноҳақ ўлдирганларини тезда ёзиб қўямиз ва: «Ёниш азобини тотинг!» – деймиз»
(Оли Имрон сурааси, 181-оят).

Яҳудийлар доимо Аллоҳ таоло тўғрисида ёмон тасаввурда, ноҳақ ақийдада бўлганлар. Улар мўътабар ҳисоблайдиган китобларида ҳам бу нарса ўз аксини топган. Бўлмаса «Аллоҳ камбағал, биз боймиз», дейишармиди? Аллоҳ уларнинг бу беодоб гапларини эшитмайди, деб ўйлашади. Аммо улар нотўғри ўйлашади.

Яҳудийлар тасаввур қилаётганларидек, Аллоҳ ожиз эмас. У ҳамма нарсани эшитиб, билиб турувчи Зотдир. Яҳудийлар бу гаплари учун ҳали жавоб берадилар. Аллоҳ айтади:

«Айтганларини ва расулларни ноҳақ ўлдирганларини тезда ёзиб қўямиз ва: «Ёниш азобини тотинг!» – деймиз».

Демак, яҳудийларнинг гуноҳлари уларнинг ҳозир одобсизларча айтаётган гапларидангина иборат эмас. Аввал ҳам роса гуноҳларни ишлашган, ҳатто пайғамбарларни ўлдиришгача бориб етишган. Бану Исроил ўз тарихида кўплаб пайғамбарларни ноҳақ ўлдирди. Ийсо алайҳиссаломни ўлдиришга ҳаракат қилди. Муҳаммад алайҳиссалом том тагида ўтирганларида, устиларидан тош ташлаб ўлдирмоқчи бўлди. Аллоҳ таоло буларни ҳам ёзиб қўяди.

Қиёмат куни фаришталар уларга Аллоҳнинг номидан:

«Ёндирувчи азобни тотинг!» дейдилар.

«Тафсири Ҳилол» китобидан

Telegram | YouTube