2023-02-06 15:21:13
Ҳаммамизга одат бўлган қўл телефонидаги янгиликларни кузатиб ўтирганимда, ёнимга 20-22 ёшлар атрофидаги корейс миллатига мансуб бир йигит келиб ўтирди. У жуда қаттиқ қайғуга берилган, юзларини қўли билан беркитиб ўтирган ҳолда хўрсиниб-хўрсиниб қўярди. Бир оздан сўнг мендан -"Сизнинг ҳам бирор яқин кишингиз касалхонада даволаняптими,"- дея сўради, мен йўқ дея келиш сабабимни айтдим. Ундан сенингчи, киминг даволаняпти, нега бунча хафасан, дея сўрасам, кўзига ёш олиб, менинг онам бир ҳафтадан буён шу ерда комада ётганди, бугун эрталаб вафот этди. Энди уйимга олиб кетаман десам, тез ёрдам машиналари пуллик дейишяпти, менинг бир ҳафтадан буён дори-дармон олавериб, буларга беришга пулим қолмади, шунинг учун онамнинг жасадини олиб кета олмаяпман, дея йиғламсираб гапирди. Мен бу гапни эшитиб, шу заҳоти унга ёрдам бериш истаги пайдо бўлиб, қаерда турасан, яқин қариндошларинг йўқми дея сўрадим. У, Олмалиқ шаҳрида тураман, ёлғиз ўғилман, қари бобом ва бувим бор, улар бу ерга келиша олмайди деб жавоб берди. Мен уни тинчлантириб, унга таъзия билдириб, таскин берувчи сўзларни айтиб, хавотир олма ҳозир бир иложисини топамиз дедим. Кейин унга уйинггаку оборасан, дафн харажатларини нима қиласан деб савол берсам, унга маҳалла ёрдам беради дея жавоб берди.
Кейин мен Олмалиқ шаҳар ҳокимининг ижтимоий масалалар бўйича ўринбосари Соҳиб акага қўнғироқ қилиб, уларнинг шаҳрида яшовчи фуқаро тушган вазиятни тушунтириб, шаҳар ССБ орқали ёрдам беришини, савоб ишга бош қўшишини сўрадим. Соҳиб ака шу заҳоти бўлди, муаммо йўқ, биз ўзимиз машина жўнатиб олиб келамиз, ким билан боғланайлик деб сўрагандилар, ёнимдаги йигитга тел рақамингни айт дея, у айтган рақамларни ҳоким ўринбосарига бердим. Исмини сўрасам, Женя деб жавоб берди. Женяга сен хавотир олма, ҳозир сен билан боғланишади, бу ердаги хат-ҳужжатлари олиб кетишингга тайёрми деб сўрадим, ҳа тайёр шифокорда турибди дея жавоб берди. Кейин ундан тез ёрдам машинаси учун қанча пул сўрашди десам, 300 минг деб жавоб берди. Мен Олмалиқ шаҳрига бу пул кам эмасми, дея ҳайрон бўлдим ва агарда иш битмаса ўзим шу пулни ёнимдан бериб юбораман дея кўнглимга тугиб қўйдим. Озгина вақт ўтганди, мен ташқарига чиқиб келаман дея ҳовлига чиқиб кетди.
Шу орада менинг аёлим келиб, шифокор чақираётганлигини айтди, шифокорга учрашиб, керакли тавсияларни олгач, чиқиб кетаётиб ҳовлида Женяни қидирдим. Агар ҳокимият боғланмаган бўлса шу маблағни бераман, чақир ўша машинани деб айтаман деб излайман йўқ, сал аввал берган тел рақамига тел қилсам, телефон ўчирилган деган жавоб келди. Ҳайрон бўлиб машинамга қараб кетаётсам, Олмалиқ шаҳар ҳоким ўринбосари тел қилиб, ака машина ҳал бўлди, у рақам билан боғлана олмаяпмиз, ёнингизда эмасми дея сўраб қолди. Мен унга мен ҳам топа олмаяпман, телефони қуввати тугагандир, ҳозир топиб сизга қўнғироқ қиламан дея қабул бўлимига қайтиб кириб, суриштирсам, шу куни ҳам ундан олдин ҳам касалхонада ҳеч қандай корейс аёл вафот этмаган экан.... Шифокорлар ва қўриқлаш хизмати ходимлари кулиб, ака ҳозир фирибгарликнинг тури кўпайиб кетган дейишди.
Бунақасини учратмагандим...
Бу фирибгар йигит, Тошкент шаҳар ёки бирон яқин туманни айтса бизнинг оқибатли халқимиз керак бўлса ўз машинасида олиб бориб қўяман деб қолиши мумкинлигини билиб, айтайлаб Олмалиқ шаҳриданман дея узоқроқ шаҳарни тилга олиши, кўпроқ сумма айтса ҳам бериши қийин, лекин, бошига ўлим ташвиши тушиб турган одамга 300 минг сўмни анча-мунча одам ўйланмасдан бериб юборишини билиб, шундай пасткашликни қилиб юрган экан.
Мана меҳрнинг-оқибатнинг баҳосини ўз онасининг ўлими билан хаспўшлаб, пул топиб юрганлар, аттанг, шундайлар ҳам орамизда юрибди.
Бундайларнинг дастидан кўчада ҳақиқий ёрдамга муҳтож бўлиб, оғир вазиятга тушган айрим юртдошларимизга имконияти бўлиб туриб ҳам ёрдам кўрсатилмаслиги, одамни ўйлантиради.
Хулоса сиздан...
@azamatkamal81
203 views12:21