Get Mystery Box with random crypto!

Бирлашган ҳолда бу офатни енгамиз Саломатлик – туман бойлик. | Narimon Umarov | Наримон Умаров

Бирлашган ҳолда бу офатни енгамиз

Саломатлик – туман бойлик. Шу кунгача ушбу мақолни худа-беҳуда ишлатар эдигу мағзини доим ҳам чақмасдик. Мана ярим йилдирдирки коронавирус пандемияси шароитида ушбу нақлнинг ҳақиқий маъносини англаб етдик. Дарҳақиқат, карантинда кўпгина қадриятларнинг, биз учун муҳим нарсаларнинг мазмуни умуман ўзгариб кетди.

Коранавирус кириб келишидан бир неча ой олдин ҳукумат томонидан ўз вақтида ўрнатилган чекловлар, оммавий ахборот воситаларимизнинг фаол тарғиботи ва энг асосийси халқимизнинг хавфни тўғри англаб етгани боис касаллик маълум вақтга жиловланди. Аммо кўпгина хориж мамлакатларида бўлгани каби касалликнинг иккинчи тўлқини биринчисидан бир неча баробар кучли келди. Биринчи тўлқиндаги бир ойда касалланганлар миқдори бугунги кунда маълум соатлар ичида аниқланмоқда. Афсуски, касалликдан вафот этганлар сони ҳам бир неча бараварга кўпайди.

Ўз-ўзидан босимнинг ортиб кетиши касалликка қарши курашда шифокорлар ва санитария-осойишталик маркази ходимларининг иш сифати ва самарадорлигига салбий таъсир ўтказмасдан қолмади. Тиббиёт ходимлари, койкалар, тест олиш компонентлари сони касаллик ўсиш динамикасига номутаносиблиги сабабли маълум бир қийинчиликлар келиб чиқди.

Буни бартараф этиш бўйича бир неча йиғилишларда Президентимиз томонидан қатъий топшириқлар берилди ҳамда зарурий барча чораларни кўриш лозимлиги таъкидланди. Албатта топшириқлар ижроси таъминланиши бўйича қўшимча койкалар шакллантирилди, зарурий дори воситаларининг заҳиралари яратилди, касалликни енгил шаклидаги уйда даволанаётганларга бепул дори воситалари етказиладиган бўлди, уларга хизмат кўрсатувчи тезкор гуруҳлар сони оширилди.

Устимизга ёпирилган офатни бартараф этиш учун ҳукумат томонидан сезиларли қадамлар ташланди. Аммо тан олиш керакки, давлат ҳар қанча ҳаракат қилмасин бу душман устидан бир ўзи ҳеч қачон ғолиб бўла олмайди. Вирусга қарши жангда давлатнинг асосий таянчи халқимиз ҳисобланади. Барча соҳалар, барча фуқаролар учун қийин бўлиб турган даврда ҳар бир фуқароларимиз ўзини-ўзи, соғлиғини ўйлаган ҳолда ҳамма белгиланган талабларга, карантин қонун-қоидаларига қатъий амал қилишини сўраб қоламиз.

Доно халқимизда касалликнинг даволагандан кўра олдини олган маъқул деган нақл бор. Ушбу вирус ҳам бизга юқмаган пайтда, ҳимоя воситаларини қўллаган тақдиримизда оддий заррадан фарқи йўқ. Шунчалар кучсиз ва ожиз, аммо эҳтиётсизлигимиз ёки бошқа сабаб билан ичимизга тушиб олса, унинг куч-қудрати ошиб боради. Ўзимиз билан бирга атрофимиздаги яқинларимизга ҳам ҳужумга ўтади. Шу боисдан соғлимиз, яқинларимиз тақдири учун энг аввало ўзимиз барча масъулиятни зиммамизга олган ҳолда касалликни бизга яқинлашишига, қадрли инсонларимизга зарар етказишига йўл қўймайлик. Биргина қилинган бефарқлик ёки истиҳола сабаб қанчадан-қанча муаммолар, оғриқлар, айрилиқлар келиб чиқаётганини барчамиз кўриб, билиб турибмиз. Шунинг учун ҳушёрликни ҳар қачонгидан кўпайтириб, бепарволик, лоқайдлик сингари иллатларни йўқотишиимз даркор. Бу орқали биз нафақат ўзимизни асраймиз, балки аҳволи оғир ётган юртдошларимизга шифокорларнинг янада кўпроқ вақт ажратиши, эътибор бериши натижасида уларнинг соғайишига хисса қўшган бўламиз.

Юқорида бежизга вирус билан курашни урушга ўхшатмадик. Бу ҳақиқий уруш. Жангда ҳам икки хил қаҳрамонлар бўлади. Биринчиси ёвга бевосита қарши чиқаётган шифокорлар бўлса, иккинчиси уларнинг қўллаб-қувватлайдиган, далда бериб турадиган, ўз меҳнати билан курашаётган фронт ортидагилар аҳолимиздир. Яъни, ушбу икки фронт бирлашиб ягона кучга айланса, ғалаба албатта биз томонда бўлади.

Наримон УМАРОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари,
“Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси

http://adolat.uz/partiya/birlashgan-holda-bu-ofatni-engamiz