Get Mystery Box with random crypto!

Даҳлсиз органга таҳдидни қандай баҳолаш мумкин? Қонун барча | Narimon Umarov | Наримон Умаров

Даҳлсиз органга таҳдидни қандай баҳолаш мумкин?

Қонун барча учун баробар. Айниқса, хозирги жиддий вазиятда карантин қоидаларига қатъий амал қилиш биринчи галдаги заруратлар қаторига тиркалди. Зеро, пандемик карантин тақозосидан ўрнатилган тартибга риоя этиш бебаҳо саломатлигимизни сақлашга катта ҳиссадир.

Аммо фаол ҳаракатланишга чеклов ўрнатилган айни паллада суд идораларига тегишли автомашиналарга юриш учун рухсат берилган. Таассуфки, бундан айрим ҳокимлар, ИИБ ходимлари, бехабар кўринади. Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон туманида содир бўлган воқеа шундай хулоса чиқаришга мажбур этди. Яна буларнинг бошида туман ҳокими раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ турганига нима дейсиз?

Нега мансабдор шахслар томонидан сайр қилиб юрган автоуловга нисбатан эмас, адолат ўрнатишдек муҳим вазифа томон ошиқаётган судьяга қарата асоссиз қоидалар пеш қилинди? Устига устак, бу оддий эслатма ёки огоҳлантириш эмас, бир йўла куч ишлатиш ва таҳдидга айланмоқда. Ёки тажовузкорлик улар учун ёзилмаган ваколатми?

Наҳот, туман ҳокими ва ИИБ мутасаддилари судялар мустақиллиги ва даҳлсизлигига оид конституциявий нормадан бехабар бўлса? Ахир бу Бош қомусимизга ҳурматсизлик, қонунларга беписандликдан бошқа нарса эмас. Кўп ваколатлар берилгани хоҳлаган ишини бажариш ёки истаган қонунни оёқ ости қилиш мумкин дегани эмас. Афсуски, жойларда ўз мустақил фикрига эга бўлмаган, энг асосий фаолияти кимларнингдир буйруғини бажаришдангина иборат бўлган мутасаддиларнинг бу каби қонунсиз ҳаракатлари мамлакатимизда қилинаётган ислоҳотларга соя солмоқда.

Эътибор беринг халқ фаровонлигини, тинчлигини таъминлашга хизмат қилувчилар томонидан унинг акси бажарилмоқда. Яъни карвонни белгиланган манзилга етакловчиларнинг ўзи, унинг ортга қадам ташлашига ташаббускор бўлмоқда. Табиийки, бу каби раҳбарлар билан биз белгиланган мақсадларга ета олмаймиз.

“Адолат” СДП суд тизимини комплекс ривожлантириш, судларнинг мавқеини ошириш, судьяларнинг дахлсизлигини таъминлаш адолатли жамият қуришнинг муҳим шарти, деб ҳисоблайди. Мазкур мақсадимиз сайловолди дастуримизда устувор вазифа сифатида мустаҳкамлаб қўйилган.

Шундай экан, Жарқўрғондаги ушбу воқеани қоралаймиз ва ноқонуний ҳаракатлар содир этганларга нисбатан белгиланган тартибда чора кўрилиши тарафдоримиз.

“Адолат” СДП Матбуот хизмати


http://www.adolat.uz/news/dahlsiz-organga-tahdidni-qandaj-baholash-mumkin