Get Mystery Box with random crypto!

​​ЎЗБЕКИСТОНДА 4 МИЛЛИОН ТОННА РАДИОАКТИВ ЧИҚИНДИЛАР БОР ЭКАН | Uch zamon

​​ЎЗБЕКИСТОНДА 4 МИЛЛИОН ТОННА РАДИОАКТИВ ЧИҚИНДИЛАР БОР ЭКАН

ОАВ тарқатган маълумотларга кўра Ўзбекистонда 4 миллион тонна радиоактив чиқиндилар бор экан. Қазилма бойликлар эмас, айнан чиқиндилар. Яъни уларни на ишлатиб, на сотиб бўлади. Уларни сақлаш эса хавфли.

Радиоактив чиқиндиларнинг энг хавфлиларининг умри бир неча минг, ҳатто бир неча ўн минг йилларга тенг. Яъни уларни барча қоидаларига амал қилиб, 500 метр ер остига кўмгандан кейин ҳам ўртача эллик минг йил хавфли бўлиб тураверади. Мисол учун Чернобил атом станцияси ҳудудидаги радиоактив чиқиндиларнинг буткул "ўлиши" учун таҳминан 48 000 йил керак бўларкан.

Ўзбекистонда атом электр станцияси, ядро қуроли ва ҳоказолар бўлмаса бунча чиқинди қаердан келди? Барчаси совет даври мероси. Ҳудудларимизда қазиб олинган уран совет илм-фани ва армиясини ривожлантиргач, унинг чиқиндилари қайтиб ўз ҳудудларимизга юборилган.

Бизда-ку, 4 миллион тонна. Қўшнимиз Қозоғистонда 240 миллион тонна экан. Минг эмас, ҳа МИЛЛИОН тонна.

Маълумотларга кўра, Қозоғистон (балки Ўзбекистон ҳам) пул эвазига ривожланган давлатлар чиқарган радиоактив чиқиндиларни қабул қилишда давом этмоқда. Бу дегани, атомдан буткул воз кечган Марказий Осиё ҳудуди келгусида улкан радиоактив қабристонга айланиш хавфи бор. Ўзбекистон ва Қозоғистон АЭС қуришга интилаётгани ҳисобга олинса, бу жараён янада тезлашиши мумкин.

Юртларимиздаги "профессионаллик даражаси", порахўрлик, ажратилган пулларни ўмариш "маданиятимиз" ҳисобга олинса 50 000 йил ҳудудларимизда турадиган миллион тонна чиқиндиларни ўзимизга қарши қўйилган атом бомбалар деб атасак бўлади.

Маълумот учун, энг кўп радиоактив чиқиндилар чиқарадиган, ривожланган давлатлар, хусусан ўз электр энергиясининг 75 фоизини АЭСлардан оладиган Франция мазкур чиқиндиларни ўз ҳудудига кўммайди. Балки қашшоқ ва ривожланмаган Африка ва Осиё давлатлари, билишимча, Қозоғистонга пул тўлаб, уларнинг ҳудудларига жўнатади.

Мен ушбу хавотирларим бекор ва мен ноҳақ бўлиб чиқишимни жуда хоҳлардим. Шундай бўлса-да, мутасаддилар АЭС, радиоактив чиқиндилар, уларнинг ортиб кетмаслиги ва сақланиши борасида жиддий бош қотирсалар ва шуғуллансалар ёмон бўлмайди.

"Уч замон" каналига аъзо бўлиш учун ҳавола https://t.me/uchzamon