Get Mystery Box with random crypto!

Зайнаб эрини қайтаётганини эшитиб уни кутгани йўлига чиқди. Аб | Homidjon Ishmatbekov

Зайнаб эрини қайтаётганини эшитиб уни кутгани йўлига чиқди. Абул Ос хотинини кўргач, унга: мен кетяпман, деди. Хотини: қаерга?-деб сўради. Абул Ос: аниқроғи мен эмас, сен кетасан, отангни олдига бор, деди. Зайнаб: нега?-деб сўради. Эри: чунки, у сен билан мени бир-биримиздан ажратди, энди отангни олдига қайтасан, деди. Шунда Зайнаб: балки СИЗ мен билан бирга кетарсиз, мусулмон бўлиб?!-деди. У: йўқ, деб жавоб берди. Шундан сўнг Зайнаб иккала фарзандини олиб Мадинаи Мунавварага қараб кетди.
Олти йил давомида Зайнабга кетма-кет совчилар келиши давом этди. Ҳар гал Зайнаб эрининг исломни қабул қилиб қайтиб келишидан умидвор бўлиб совчиларга рад жавобини бераверди.
Шу орада Абул Ос Маккадан Шомга кетаётган карвонга қўшилиб сафарга чиқди. Сафар асносида карвон бир гуруҳ саҳобаларга тўқнаш келди. Мусулмонлар карвонни асир олдилар. Абул Ос қочиб Зайнабнинг уйига келди. Бомдод намозига азон айтилаётган вақт эди. Зайнаб Абул Осни кўргач: мусулмон бўлиб келдингизми?-деб сўради. У: йўқ, қочиб келдим, деди. Зайнаб: балки исломни қабул қиларсиз?-деди. У: йўқ, деб жавоб берди. Зайнаб: қўрқманг, хуш келибсиз, холамнинг ўғли, Али ва Умоманинг отаси хуш келдингиз, деди.
Расулуллоҳ масжидда жамоатга имомлик қилиб бомдод намозини тугатар эканлар, масжиднинг орқа томонидан: мен Абул Осни ўз ҳимоямга олдим, деган овоз эшитилди. Расулуллоҳ одамларга қараб: менга эшитилган овозни сизлар ҳам эшитдингизми?-дедилар. Улар: ҳа эшитдик, ё расулуллоҳ, дейишди. Шунда Зайнаб: ё расулуллоҳ, Абул Ос менинг холамни ўғли, балаларимнинг отаси. Шунинг учун мен уни ўз ҳимоямга олдим, деди. Расулуллоҳ одамларга қараб: Эй инсонлар, мен бу кишидан куёв сифатида ёмонлик кўрмаганман. У менга гапирганда рост гапирган, берган ваъдасига ҳам вафо қилди. Агар рози бўлсангиз, молини ўзига қайтариб, юртига кетишга ижозат беринглар. Агар йўқ десангиз ҳам ўзингиз биласизлар, ҳақ сизларники, бунинг учун мен сизларни маломат қилмайман, дедилар. Шунда одамларнинг ҳаммаси бир овоздан: молини қайтариб берамиз ё расулуллоҳ, дейишди. Шундан кейин расулуллоҳ: ҳимоянга олган кишингни биз ҳам ҳимоямизга олдик, Эй Зайнаб, дедилар ва Зайнаб билан унинг уйига бордилар. Уйига етганларида расулуллоҳ: Эй Зайнаб, уни ҳурматини жойига қўй. Чунки, у сенинг холангни ўғли, болаларингни отаси. Лекин, у сенга яқинлашмасин, чунки сенга ҳалол эмас, дедилар.  Зайнаб: хўп бўлади ё расулуллоҳ, деди ва уйига кириб: Эй Абул Ос, исломга кириб биз билан қоласизми?-деди. У: йўқ, деди ва молларини олиб Маккага қайтиб кетди.
Макка етиб боргач, одамларни олдига чиқиб: Эй одамлар, мана молларингизни олинглар. Менда яна нимадир нарсаларингиз қолмадими?-деди. Одамлар: йўқ, ҳамма молимизни қайтардинг, сендан миннатдормиз, дейишди. Шунда Абул Ос: ундай бўлса эшитинглар, ашҳаду ан ла илаҳа иллаллоҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан расулуллох, деди.
Тонг саҳарда Абул Ос Мадинага кириб келди ва тўғри Расулуллоҳнинг ҳузурларига бориб: ё расулуллоҳ, кеча мени ҳимоянгизга олган эдингиз. Бугун эса, мен сизнинг олдингизга чин дилдан имон келтириш учун келдим. Ашҳаду ан ла илаҳа иллаллоҳу ва ашҳаду аннака расулуллоҳ. Ё расулуллоҳ, мени Зайнабнинг олдига қайтишимга изн берасизми?-деб сўради. Расулуллоҳ унинг қўлидан етаклаб Зайнабнинг уйига олиб бордилар ва эшикни тақиллатиб: Эй Зайнаб, холангни ўғли бугун мени ҳузуримга келиб исломни қабул қилди. Мендан сени унга қайтишингга изн беришимни сўраяпди. Қабул қиласанми?-деб сўрадилар. Зайнабнинг юзи қизариб кетди ва мийиғида табассум қилди.

Ушбу воқеадан сўнг бир йил ўтгач Зайнаб вафот этди. Бунга чидай олмай Абул Ос жуда қаттиқ йиғлади. Ҳатто одамлар Расулуллоҳ унинг бошини силаб, юпатишга урунганларини ҳам кўрдилар. Абул Ос: ё расулуллоҳ, мен бу дунёга Зайнабсиз тоқат қила олмайман, деди.
Абул Ос ҳам Зайнабдан кейин бир йилдан сўнг вафот этди.

Аллоҳумма солли ва саллим ва барик ала саййидина Муҳаммад.

https://t.me/tuhur