Get Mystery Box with random crypto!

Расмий муносабат Саводсизларча ёзилган хабар муаллифи нимани | Toshkent shahar maktabgacha va maktab ta'limi boshqarmasi

Расмий муносабат

Саводсизларча ёзилган хабар муаллифи нимани хоҳлайди?!

Бугун ижтимоий тармоқнинг “MILITSIYA TV | РАСМИЙ КАНАЛ” телеграмм саҳифаларида “132- мактабда нималар буляпти?” сарлавҳаси остида бир неча хабарлар тарқалди.

Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси Ишчи гуруҳи ўрганиш олиб борди. Унга кўра, дастлабки ҳолат “Шайхонтохур туманида жойлашган 132-сонли мактабда кеч қолган болаларни мажбурий тарзда хожатхона тозалатишмоқда” мазмунидаги хабар бўйича ҳеч қандай ортиқча изоҳга ҳожат йўқ. Мактаб маъмурияти ёки ўқитувчилари томонидан ўқувчилар ҳеч қандай мажбурий меҳнатга жалб этилмаган. Маълум бўлишича, мазкур мактабнинг 9-“Д” синф ўқувчилари М.М., Б.Р.лар ҳақиқатан 2022 йил 26 сентябрь куни таълим муассасасининг ички тартиб-қоидаларини бузган. Натижада инглиз тили ўқитувчиси О.Ю. уларга ота-онасини мактабга чақирилишини билдирган. Шу маҳалда бу ўқувчилар “Устоз мактабда қандай иш бўлса, бажарамиз. Керак бўлса, ҳожатхона полини артиб берамиз”, деб ташаббус кўрсатишган, холос. Бу бўйича юқорида исми-шарифлари тилга олинган ўқувчилардан тушунтириш хатлари ҳам олинган. Айнан юқоридаги хабар юзасидан бугуннинг ўзида мактабда навбатдан ташқари йиғилиш ўтказилган. Содир бўлган ҳолат юзасидан ўтказилган муҳокамада мактаб жамоатчилиги ва ўқувчиларнинг ота-оналари иштирок этди. Мактабда таълим сифати ва самарадорлигини ошириш, ички тартиб-қоидаларга риоя этиш бўйича тегишли чоралар белгилаб олинди.

Энди иккинчи ҳолат юзасидан нималар дейиш мумкин?! Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида” 2019 йил 29 апрелдаги ПФ-5712-сонли Фармони ва “Рақамли Ўзбекистон 2030” стратегиясини тасдиқлаш ва уни самарали амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2020 йил 5 октябрдаги ПФ-6079-сонли Фармонига мувофиқ ўқувчилар давоматини масофадан мониторинг қилиш, ўқувчиларнинг келиш ва кетиш вақтлари, ўқитувчиларнинг дарслари назорати билан боғлиқ бўлган ўқув жараёнини автоматлаштириш тизимларини жорий этиш вазифаси топширилган. Қарангки, бу таълим сифати ва самарадорлигини, ишда талабчанликни оширишда ўз мевасини бера бошлади.

Жумладан, “Тошкент шахар Шайхонтохур туманидаги 132-сонли мактабда 6-соат информатика дарсида ўкитувчи йук, ўкувчилар нималар билан банд хеч кимнинг иши йук!” мазмунида тарқалган хабар мисолида бунинг исботини кўришимиз мумкин. Бу ҳолат ҳақиқатан 2022 йил 10 сентябрь куни ўқитувчиларнинг дарс таҳлили кузатилганида содир этилган. Мактабнинг информатика ўқитувчиси М.Г. 9-“Г” синфда 6-соатда белгиланган дарсни ўтмай, ўқувчиларга жавоб бериб юборган. Ўқитувчининг бу хатти-ҳаракатларига нисбатан ўша куннинг эртасигаёқ интизомий чора кўрилиб, оғзаки огоҳлантирилган.

Шу ўринда бир савол туғилади: ҳар икки ҳолат ҳам мактабнинг барча ходимлари қўшилган телеграммдаги гуруҳда акс этган. Бу ҳолатларни мактаб маъмурияти ўқитувчилар эътиборига ҳавола қилган, бунақа ҳолатлар такрорланмаслигини олдини олиш мақсадида фақатгина уларга ошкор этилган, холос. Аммо мазкур таълим муассасаси меҳнат жамоаси аъзоларидан кимдир буни ижтимоий тармоққа жойлаб, мутлақо бошқача мазмунда талқин этганлиги аён бўлмоқда.