Get Mystery Box with random crypto!

Расмий муносабат Дарсликлар бепул ижарага берилади Куни ке | Toshkent shahar maktabgacha va maktab ta'limi boshqarmasi

Расмий муносабат

Дарсликлар бепул ижарага берилади

Куни кеча kompromatuzb телеграмм каналида “Миробод тумани 328-мактаб директори боши билан урушиб қолган!" сарлавҳали хабар тарқалганди.

Унда китоблар ижараси бекор бўлгач, мактаб директори китобларнинг электрон версиясини ота-оналарнинг телеграмм гуруҳларига ташлаб бериш, 7-синф китобларини чоп этиб чиқариб олиш бўйича топшириқлар берган, акс ҳолда болалар мактабга киритилмайди, дейилган.

Ушбу ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси Ишчи гуруҳи ўрганиш олиб борди. Унга кўра, 328-сонли умумтаълим мактаби директори Феруза Газитурова на синф раҳбарларига ва на фан ўқитувчиларига бундай топшириқ бермаганлиги аниқланди.

Маълумот ўрнида айтиш керакки, шу йилнинг 5 сентябрь куни 328-мактаб инглиз тили фани ўқитувчилари мактабнинг ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Жуманиязова Феруза Шокировнанинг олдига келиб, 2022-2023 ўқув йили режасига кўра 7-синф инглиз тили фани бўйича янги дастурдаги дарсликлар етиб келмаганлиги ҳамда эски дарсликдаги мавзулар бўйича сезиларли фарқлар мавжудлигини билдиришган. Шу туфайли ҳар бир ўқувчи янги дарслик келгунга қадар фақат инглиз тили дарслигининг электрон нусхасидан фойдаланиши мумкинлигини таъкидлашган.

Афсуски, буни айрим ўқувчиларнинг ота-онаси нотўғри талқин этишганлиги маълум бўлди.

Шундай бўлса-да, мактабда барча ўқитувчилар иштирокида навбатдан ташқари йиғилиш ўтказилиб, пул йиғимларига йўл қўймаслик бўйича яна бир бор огоҳлантирилган.

Тошкент шаҳар ХТББ Матбуот хизмати

Каналимизга уланинг ва дўстларингизга улашинг:
https://t.me/ToshkentshaharXTBB