Get Mystery Box with random crypto!

ИНСОНЛАРНИНГ ЯХШИСИ   Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни | To’rtko’l Masjidi

ИНСОНЛАРНИНГ ЯХШИСИ
  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келган бир киши у зотнинг ҳайбатлари босиб гапиришга журъат қила олмади.
– Тортинма, – дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам. – Мен ҳам қуритилган гўшт еган аёлнинг боласиман.
  Бошқа куни одамлар олдидан ўтиб бораётган эдилар, одамлар таъзим бажо айлаб ўринларидан турмоқчи бўлдилар. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ишдан қайтариб:
– Ажамлар бир­бирларига таъзим қилиб ўринларидан тургани каби сизлар ҳам ўринларингиздан турманглар, – дедилар.
  Аллоҳ таоло мўминларга неъматини охирига етказиб, динларини мукаммал қилганидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам фоний дунёдан риҳлат қилиш фурсати етганини сезиб қолдилар. Минбарга кўтарилиб:
– Эй инсонлар! Мен кимнинг орқасига урган бўлсам, мана менинг орқам, ўчини олсин! Кимнинг шаънига теккан бўлсам, ўчини олсин! Кимнинг молини олган бўлсам, мана менинг молим, қайтариб олсин! Ғазабланади, деб чўчимасин, у иш менинг шаънимга тўғри келмайди, – дедилар.
  Яна бир куни Ғавс ибн Ҳорис Жаноб соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўлларини тўсиб, қиличини суғурди ва:
– Эй Муҳаммад! Сени мендан ким сақлайди? – деди.
– Аллоҳ, – дедилар соллаллоҳу алайҳи ва саллам.
  Шу пайт Ғавснинг қўлидан қиличи тушиб кетди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам қилични қўлларига олдилар ва:
– Энди сени мендан ким сақлаб қолади? – дедилар.
– Бир яхшилик қилинг, – деди Ғавс.
  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни афв қилиб, қўйиб юбордилар. Ғавс қавмига қайтиб бориб уларга:
– Мен инсонларнинг энг яхшиси ҳузуридан келяпман, – деди.

"Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳаётидан лавҳалар" китобидан.