Get Mystery Box with random crypto!

МЕҲРИБОН АЛЛОҲ ОЗОД ҚИЛГАН БАНДАСИ Ҳасан Басрий розияллоҳу ан | To’rtko’l Masjidi

МЕҲРИБОН АЛЛОҲ ОЗОД ҚИЛГАН БАНДАСИ

Ҳасан Басрий розияллоҳу анҳудан ривоят килинади:
«Мен Ироқнинг Восит деган шаҳрида эдим. У ерда худди қабрдан ковлаб олинганга ўхшаб кетадиган бир кишини кўриб қолиб унга: «Эй, сен! Сени нима бу аҳволга солди?» дедим. У шундай деди: «Менинг бу гапларимни сир сақла. Уч йил олдин Ҳажжож мени зиндонга солди. Жуда ҳам танг аҳволга тушиб қолдим. Яшаш шароитим оғир, турган жойим жуда жирканч эди. Шундай бўлса-да, мен барчасига сабр қилиб, лом-мим демасдим. Кун кеч бўлганида ҳибсда мен билан турган бир гуруҳ одамларни олиб чиқиб бошларини олишди. Зиндон қоровулларидан бири эртага менинг ҳам бошим узилишини айтди. Мен қаттиқ хафа бўлиб, узоқ йиғладим. Аллоҳ таоло тилимга шундай дуони солди:

"Илааҳий! Иштаддаз зурру ва фуқидас собру. Ва антал мустаъаану!"

Мазмуни: Илоҳим! Мусибатим зўрайди, сабр-бардошим тугади. Ёрдам сўраладиган Зот фақат Сенсан!

Сўнгра туннинг кўп қисми ўтгач мен бошим айланиб йиқилдим. Уйқу билан уйғоқлик орасида эканман бир киши олдимга келди ва менга шундай деди: «Ўрнингдан туриб икки ракат намоз ўқи ва ушбу дуони айт:


"Я ман ла яшғолуҳу шайъун ъан шайъин. Я ман аҳаато би ъилмиҳии бимаа зароъа ва бароъа. Анта ъаалимун би хофийяятул умуури ва муҳсии васаависис судуури ва анта
бил манзилил аълаа ва ъилмука муҳийтун бил манзилил аднаа. Таъаалайта ъулувван кабийро. Я Муғийсу, ағиснии ва фукка асрии вакшиф дзуррии. Фақод нафида собрии".

Мазмуни: Эй, барча нарсадан бохабар Зот! Эй, йўқдан бор қилган ва яратган нарсаларини ўз илми билан билиб турадиган Зот! Сен махфий ишларни ҳам билувчи, диллардаги васвасаларнинг ҳисобини билиб турувчи Зотсан. Сен олий мақомдасан. Паст мақомдагиларни ҳам илминг билан билиб турасан. Сен буюклик ва улуғлик юзасидан олий ва юксак зотсан. Эй, Мадад берувчи зот! Менга ёрдам бер. Мени асирликдан қутқар. Мусибатимни кетказ. Зотан, менинг сабр-бардошим тугаб бўлди».

Мен дарҳол ўрнимдан туриб таҳорат олдим ва икки ракат намоз ўқидим. Ундан эшитган дуони ўқидим. Унинг бирор ҳарфини ҳам ўзгартирмадим. Дуони ўқиб бўлмасимдан оёкларимдан кишан ечилиб тушди. Зиндон эшикларига қарасам улар ҳам очиқ экан. Ўрнимдан турдим-да, у ердан
чиқиб кетдим. Ҳеч ким менга қаршилик қилмади. Аллоҳга қасамки, мен Меҳрибон Аллоҳнинг ҳибсдан озод қилган бандасиман. Аллоҳ менинг сабрим эвазига шодлик берди. Танг аҳволимдан менга кушойиш берди».Сўнгра бояги одам Ҳижозга караб равона бўлди».

«Кушойиш калитлари» китобидан.