Get Mystery Box with random crypto!

Умар ибн Хаттоб розияллоху анху халифалик пайтида Саид ибн Оми | ZIYOLI ZIYOKORLAR ZIYOSI 👨‍🎓

Умар ибн Хаттоб розияллоху анху халифалик пайтида Саид ибн Омир Жумахийни Химсга волий қилиб тайинлади. Уни сафарга жўнатиш олдидан хузурига чақириб:

- Эй Саид, мана волий бўлиб кетяпсан, сенга қанча маош ажратай? - деб сўради халифа.

Саид ибн Омир талмовсираб қолди. У амирнинг ўзи жуда оз маошга қаноат қилиб юрганини, уйида кўпда қозон қайнамаслигини, кийимида бир неча ямоқ борлигини эшитганди. Шунинг учун хижолат бўлиб:

- Эй мўминлар амири, мен маошни нима қиламан? Байтул молдан бериб туриладиган нафақа (яъни кийим ва овқат)нинг ўзи етади, - деб жавоб қайтарди ва Химсга жўнаб кетди.

Саид Химсда волий қилиб тайинланганидан кейин бир оз вақт ўтгач, Умар ибн Хаттоб бир гурух ишончли кишилар билан Химсга келди. Мақсад - волийнинг иши билан танишиш, камчиликларини тузатиш, адолатсизлик қилган бўлса, танбех бериш эди. Халифа халқнинг хаёти билан танишиш, мухтож ва мискинлар бўлса, уларга ёрдам кўрсатиш учун бечора-фақир кишиларнинг рўйхатини олишга буюрди. Рўйхат тузилди. Уни кўраётган Умар рўйхатнинг аввалида “Саид ибн Омир” исмига ногох кўзи тушиб, атрофдагилардан сўради:

- Ким бу?

- Бизнинг волийимиз...

- Ие, у хам фақирлар қаторидами?

- Хайрон бўлиб сўради халифа.

- Ха, жудаям фақир. Валлохи, унинг уйида ойлаб ўчоққа ўт қаланиб, овқат пиширилмайди.

Бу гапларни эшитиб, хазрат Умар йиғлаб юборди.

Бу қандай мўминки, волий бўла туриб, бой бир ўлканинг хукмдори бўла туриб, ўзи камбағалларча турмуш кечирса, Байтул молдан егулик олишга ҳадди сиғмаса?! У-ку бир волий экан, бутун Ислом оламининг халифаси Умарнинг ўзи-чи? Унинг хам хонадонида унча-мунчага қозон қайнамайди, эгнидаги хирқасининг бир неча ямоғи бор. Мусулмонликнинг, мўминликнинг қисмати шундай. Волийси хам, халифаси хам, олими хам, фозили хам сабр-қаноатда, тамкин-итоатда бир-биридан ўзишга харакат қилади.

Хазрат Умар шундан кейин волийнинг вакилларига минг динор бериб тайинлади:

- Мендан Саидга салом айтинглар. Мана бу пулларни мўминлар амири мухтожликдан қутулишинг учун бериб юборди, - деб айтинглар.

Умар ибн Хаттоб юборган халтачани вакиллар Саид ибн Омирга келтириб беришди. Волий хайрон бўлиб очиб кўрди. Қараса, ичи тўла динор... Шунда у бошига оғир кулфат тушган одамдай, истиржо айтди: “Инна лиллахи ва Инна илайхи рожиъун”. Халтачани четга сурди, кайфияти бузилди, юраги сиқилди. Охири барча динорни майда халтачаларга солиб тақсимлади ва хаммасини мусулмонларга тарқатиб тинчиди...